Президент Шавкат Мирзиёев «Навоийуран» давлат корхонаси ва Ўзбекистон технологик металлар комбинатининг ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳамда янги конларни ўзлаштириш бўйича режалари билан танишди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон 2030 йилга қадар йиллик уран қазиб олиш ҳажмини 15 минг тоннага етказишни режалаштирмоқда. 2026 йил учун белгиланган кўрсаткич 7,5 минг тоннани ташкил этади. Шунингдек, разведка қилинган уран захираларини 200 минг тоннага етказиш мақсад қилинган.

Сўнгги йилларда жаҳон бозорида уран хомашёсига талаб 15–20 фоизга ошган. 2030 йилгача талаб яна 28 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида янги конларни ўзлаштириш, геология-қидирув ва технологик бурғилаш ишларини жадаллаштириш, қўшимча сорбция қурилмаларини ишга тушириш режалаштирилган. Ушбу тадбирлар доирасида 250 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, уран қазиб олиш жараёнида қўлланиладиган кимёвий реагентлар таркибини ўзгартиришга эътибор қаратилади. 2030 йилга бориб сульфат кислотаси ўрнини босувчи реагентлар улушини 40 фоизга етказиш вазифаси белгиланган.

Ўзбекистон уран ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги йирик давлатлардан бири ҳисобланади. Жаҳон ядро ассоциацияси маълумотларига кўра, мамлакат 2025 йилда 7 минг тонна уран ишлаб чиқарган ва жаҳонда бешинчи ўринни эгаллаган.

Уран қазиб олиш ҳажмининг икки баравар оширилиши Ўзбекистоннинг халқаро ядро ёқилғиси бозоридаги иштирокини кенгайтириши мумкин. Айни пайтда янги конларни ўзлаштиришда экологик хавфсизлик ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.