Ўзбекистонга АҚШ делегацияси келиб, Самарқандда учрашувлар ўтказилди. Рубионинг Самарқандда тушган фото ва видеолари ижтимоий тармоқларда оммалашиб кетди. Шундан сўнг Эрон дипломатлари АҚШ расмийсиринг айнан Самарқандга келганидан норозилик билдиришди. Эрон дипломатларига кўра, Самарқанд форс маданияти маркази. Рубио айнан Эронни ғашлантириш учун форсий шаҳар Самарқандга келган эмиш.

Исроиллик семитлар 2 минг йил аввал яшаган ерларини замонавий Исроилга қайтариб беришни талаб қилади. Афтидан, Эрон расмий вакиллари ҳам ўз мамлакатини Самарқандга ҳақдор деб ҳисоблайди. Бу саводсиз пиарчилар бир мамлакатнинг суверенитетига даҳл қилаётганларини тушунмайдими? Мустақил Ўзбекистон истаган меҳмонини истаган шаҳрида кутиб олишга ҳақли.

Ўзбекистон ТИВ норозилигидан сўнг Эроннинг бир қатор дипломатик ваколатхоналари Самарқандни форс цивилизациясининг бир қисми сифатида талқин қилган ижтимоий тармоқлардаги хабарларини ўчириб ташлади.

Марко Рубио Регистон майдонида суратга олинган видеода Самарқанднинг жаҳон савдоси ва цивилизациялар тараққиётидаги тарихий аҳамияти ҳақида сўз юритган.

Шундан сўнг Эрон дипломатик ваколатхоналари томонидан Самарқанднинг тарихий мероси форс цивилизациясига мансуб сифатида талқин қилинди. Бугун маданиятга, эртага ҳудудга эгаликни даъво қилишадими?

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрон элчисини чақиртириб, расмий норозилик нотасини топширди. Тошкент ушбу публикацияларни мамлакат тарихий-маданий меросининг бир томонлама ва сиёсийлаштирилган талқини деб баҳолади.

Ўзбекистон томони баҳсли хабарларни ўчириш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймасликни талаб қилди.

Расмий Тошкент Эрон билан дўстона муносабатларни қадрлашини таъкидлаб, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарларнинг маданий меросини бир давлат ёки цивилизацияга бир томонлама мансуб деб кўрсатишга қарши эканини билдирди.

Самарқанднинг бой тарихи ва маданий мероси Марказий Осиё халқларининг кўп асрлик цивилизацион тараққиётида алоҳида ўрин тутади. Самарқанд Эроннинг маҳрига тушган сеп-сарпо эмас. Бу шаҳар – умумбашарият меъроси. Ғарбда барча йўллар Римга элтгани каби, Шарқда барча йўллар Самарқандга олиб келади. Бу замин сайқали Ўзбекистон юрисдикциясидаги ҳудуднинг ажралмас қисмидир.