Ўзбекистонда демографик вазият ўзгаряпти. 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида 638,6 минг нафар чақалоқ туғилган. Бу ўтган йилга нисбатан 26 минг нафарга кам. Шу даврда 172 мингта никоҳ ва 36,8 мингта ажрим қайд этилган. Ажримлар сони бир йилда 1,4 мингтага ошган.

Хўш, бу ўзгаришлар ортида қандай сабаблар бор?

Аввало, иқтисодий омиллар. Уй-жой нархлари, ижара, озиқ-овқат, таълим ва тиббий хизмат харажатлари ёш оилаларнинг молиявий имкониятларига таъсир кўрсатяпти. Фарзанд тарбиялаш тобора кўпроқ маблағ талаб қиляпти. Шу сабабли айрим оилалар фарзанд кўришни кечиктираётгани табиий ҳол.

Никоҳлар камайишининг эҳтимолий сабабларидан бири ҳам иқтисодий мустақилликка эришиш масаласидир. Ёшлар аввал ўқишни тугатиш, иш топиш ва уй-жой масаласини ҳал қилишга интиляпти. Қиммат тўйлар, сарполар харажати ҳам никоҳни кечиктиришга таъсир қилади, албатта.

Ажримларнинг кўпайиши янада мураккаб масала. Моддий қийинчиликлар, меҳнат миграцияси, оилавий келишмовчиликлар ва қариндошларнинг аралашуви никоҳ барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётгани кундек равшан.

Қизиғи, туғилишлар камайганига қарамай, Ўзбекистон аҳолиси 39,5 миллион нафардан ошган. Демак, аҳоли ўсиши давом этмоқда, аммо унинг суръати ва таркибида ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Ёшлар муносиб даромад, арзон уй-жой ва ижтимоий кафолатларга эга бўлмаса, никоҳ ва фарзанд кўришни кечиктириш ҳолатлари кўпаяверади.

Шу боис демографик сиёсатда фақат туғилишни рағбатлантириш билан бирга ёш оилаларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш ҳам устувор вазифа бўлиши зарур. Бу борада кеч қолган қарорлар мамлакатни демографик жабҳада Жанубий Кореяга айлантириб қўяди.