ЎЗБЕКИСТОН БИРИНЧИ АЭС ЛОЙИҲАСИДА «РОСАТОМ» МОНОПОЛИЯСИНИ ЧЕКЛАМОҚДА
Ўзбекистон Жиззахдаги биринчи АЭС лойиҳаси модели ўзгармоқда: «Росатом» монопол роли чекланиб, халқаро инжиниринг компаниялари ва янги қўшма корхона жалб этилади, молия ва кадрлар тайёрлашда назорат Тошкент қўлига ўтмоқда.
Ўзбекистон Жиззах вилоятида қурилиши режалаштирилган мамлакатдаги биринчи атом электр станцияси лойиҳасини амалга ошириш схемасини тубдан ўзгартирмоқда: лойиҳанинг янги тақдимотида «Росатом» тилга олинмади.
Президент Шавкат Мирзиёев етакчи халқаро инжиниринг компанияларини жалб қилган ҳолда янги қўшма корхона ташкил этишни маъқуллади. Бу қадам амалда Россиянинг «Росатом» давлат корпорациясини стратегик объектни бошқариш ва техник аудит қилиш устидан монопол назоратдан маҳрум этади. Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг лойиҳа тақдимоти якунлари бўйича тарқатган расмий хабарида «Росатом» умуман тилга олинмаган.
Жалб этиладиган хорижий муҳандислар мустақил арбитр вазифасини бажариб, россиялик бош пудратчи — «Атомстройэкспорт» АЖ томонидан амалга ошириладиган ишлар ва қабул қилинадиган қарорларнинг хавфсизлиги ҳамда иқтисодий самарадорлигини текшириб боради.
Шу билан бирга, Тошкент кадрлар тайёрлаш соҳасидаги монополияни ҳам бартараф этмоқда. Энди ўзбекистонлик мутахассислар таҳсил олиш учун нафақат Россияга, балки Хитой, Жанубий Корея, Венгрия, Франция ва Италия олий таълим муассасаларига ҳам юборилади.
Тошкент, шунингдек, қиймати 9,5 миллиард долларга баҳоланаётган қурилиш бюджети маблағларининг салмоқли қисмини Россия томони ихтиёридан чиқариб, ўз назоратига олмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг