«МАРКАЗГА БОР, ВИЛОЯТГА ЙЎҚ»: ЎЗАГРОИНСПЕКЦИЯ ХОДИМЛАРИ ҚЎШИМЧА ТЎЛОВДАН НОРОЗИ
Ўзагроинспекциянинг ўзиini вилоят бошқармалари ходимлари деб таништирган шахслар овқат ва йўл харажатлари учун берилиб келган қўшимча тўлов тўхтатилганидан норози. Улар марказ ходимлари бу пулни олаётгани, вилоятдагиларга эса «пул етмайди» дейилаётганини айтади.
Ўзларини Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ходимлари деб таништирган мурожаатчилар овқат ва йўл харажатлари учун бериб келинган қўшимча тўлов тўхтатилганидан шикоят қилмоқда. Улар Элтузарга йўллаган мурожаатида марказий аппарат ходимлари ушбу маблағни тўлиқ олаётгани, вилоятдагиларга эса «пул етмайди» дейилганини билдирган.
Мурожаатчиларнинг ёзишича, аввал ҳар ой бошида маошга қўшиб, улар «фонд пули» деб атаётган овқат ва йўл ҳақи ҳам тўланган. Энди бу маблағ берилмаслиги ойликдан ойликка рўзғор тебратаётган оилаларга қийинчилик туғдирмоқда.
«Иш ҳақларимиз 4–5 миллион сўм. Ўзи аранг бу ойдан келаси ойгача етказамиз. Иш ҳақимиздан бошқа даромадимиз йўқ», – дейилади мурожаатда.
Ходимлар марказий аппаратдаги маошлар 14-18 миллион сўмгача етишини ҳам даъво қилган. Бу рақамлар мустақил равишда тасдиқланган эмас.
«Нега уларнинг оиласи бор-у, бизники йўқми? Улар учун арзимаган фонд пули биз учун катта ёрдам ҳисобланади», – деб ёзган мурожаатчилар.
Улар қўшимча тўловни қайта олишда амалий ёрдам сўрамоқда.
Мурожаатда қайси вилоят бошқармаси ҳақида сўз бораётгани, тўлов миқдори ва уни тўхтатишга асос бўлган ҳужжат кўрсатилмаган. Ўзагроинспекциянинг мазкур даъволар юзасидан муносабати ҳам тақдим этилмаган. Элтузар масъулларнинг изоҳини эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг