КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШ УЧУН «OYDIN AI» ИШГА ТУШИРИЛАДИ
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мурожаатлар қабул қилишини автоматлаштириш учун «Oydin AI» овозли сунъий интеллект тизимини жорий этмоқда. Лойиҳа доирасида колл-марказ, Telegram-бот ва «Inspektor AI» модули яратилади.
Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги «Oydin AI» номли овозли сунъий интеллект тизимини жорий этишни режалаштирмоқда.
Вазирликнинг расмий эълонига кўра, лойиҳа доирасида ягона қўнғироқлар маркази учун сунъий интеллект агенти, Telegram-бот, «Inspektor AI» модули ва фуқаролар мурожаатларини бошқариш тизими яратилади.
Янги технология мурожаатларни қабул қилиш ва қайта ишлаш жараёнларини автоматлаштириш имконини беради.
Лойиҳа учун махсус GPU-сервер харид қилиш ва ўрнатиш ҳам режалаштирилган. Вазирлик лойиҳанинг дастлабки харид бюджетини аниқлаш мақсадида компаниялардан тижорат таклифларини қабул қилишини эълон қилди. Таклифларни топширишнинг охирги муддати 2026 йил 2 ноябрь этиб белгиланган.
Ҳозирча лойиҳанинг умумий қиймати, ишга туширилиш санаси ва сунъий интеллект фуқароларнинг шахсий маълумотларини қандай ҳимоя қилиши ҳақида батафсил маълумот берилмади.
Хўш, сунъий интеллект давлат идораларидаги мурожаатбозлик ва ортиқча бюрократияни камайтира оладими? Бунинг жавоби тизим амалиётга жорий этилгач маълум бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг