ОЛТИАРИҚДАГИ ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИМИДАН ХОДИМЛАР НОРОЗИ
Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлими ходимлари ортиқча иш юкламаси, навбатчиликнинг қонунга зид ташкил этилиши, маош тўлашдаги шубҳали ҳолатлар ва раҳбариятнинг муомаласидан норозилик билдирмоқда.
Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш бўлимида хизмат қилаётган ходимлар иш шароити, навбатчилик тартиби ва раҳбариятнинг муносабати юзасидан эътирозлар билдиришяпти.
Хусусан, айрим қўриқлаш постларида хизмат белгиланган тартибдан ортиқ юклама билан ташкил этиляпти. 24 соатлик уч сменали хизмат бўлиши белгиоанган айрим постлардай икки сменали хизмат йўлга қўйилган. Икки сменада асли уч сменанинг ишини бажараётган ходимлар ортиқча чарчаб, текин ва хизмат юкламаси ошиб кетган.
Шунингдек, ҳарбийлаштирилган қоровуллик постларида вохр ходимлари хизмат қилиши белгиланган бўлса-да, айрим ҳолатларда шаҳодатланган ходимлар ҳам ушбу постларга жалб этиляпти.
Ходимлар айрим объектлар учун икки-уч ойлик хизмат ҳақи бошқарма ҳисоб рақамига ўз вақтида ўтказилмаётгани ҳақида шубҳа билдиришмоқда.
«Бир-икки йилдан буён қўриқланаётган айрим объектларда хизмат қачон бошлангани, шартнома қачон тузилгани ва хизмат ҳақи қачондан бошлаб бошқарма ҳисоб рақамига ўтказилаётгани номаълум. Айрим ходимлар архимаган сабаблар билан тушунтириш хатлари ёзишади, интизомий чоралар қўллашда холислик йўқ. Қўпол муомала, пўписа ва ходимларни бир-бирига қарши қўйиш ҳолатларидан бездик.»
Ўз ҳуқуқини талаб қилган ёки раҳбарият қарорларига эътироз билдирган ходимларга нисбатан «хизмат суриштируви» билан таҳдид қилинади. Бундай муҳитда йиллар давомида ишлаган айрим тажрибали ходимлар руҳий босим остида хизматни тарк этишга мажбур бўлмоқда. Бундан ташқари, ходимларнинг оилавий маросимларда иштирок этиши учун рухсат бериш масаласида ҳам ягона тартиб йўқ. Рухсат айрим ходимларга бемалол такрлр ва такрор берилади, бошқаларга рад этилади.
Ички ишлар тизимида ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш муҳим вазифалардан бири. Фарғона вилояти ИИБ ва Қўриқлаш бошқармаси масъулларининг фаолияти назоратга олинадими? Навбатчилик жадваллари, меҳнат шартлари, қўриқлаш шартномалари, молиявий ҳужжатлар ҳамда хизмат текширувлари натижалари ўрганилса, кўтарилаётган саволларга аниқ жавоб бериш мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг