ННТЛАРГА БИНО ҚУРИШ МАҚСАДИДА ЕР АЖРАТИЛАДИМИ?
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров ННТлар учун маъмурий бино қуриш мақсадида давлат ер участкалари ажратиш амалда мумкин эмаслигини қонун ҳужжатлари ва Маъмурий регламент нормалари асосида таҳлил қилади ҳамда бу ҳолатнинг оқибатларини ёритади.
Республика миқёсидаги нодавлат нотижорат ташкилотларидан бирининг раҳбари ижарама-ижара юриш жонга тегди, қонунчиликни таҳлил қилиб берсангиз, чоғроқ маъмурий бино қуришга ННТларга давлатдан ер ажратиш имконияти бормикан деб қолди. ННТлар уйларини барпо этиш дастури борку, нима бўлди дедим. Маълум бўлишича, бошланган ишлар қурувчи ташкилотларнинг қинғирликлари туфайли кўпчилиги битмай қолган экан. Қонунчиликдан асосларни топиб бераман, ННТларга имкониятлар жуда кўп деб, руҳлантирдим. Хомтама қилибман.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 72-моддасига мувофиқ давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга жамият ҳаётида иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратади.
“Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 4‑моддасига мувофиқ давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди, уларни қўллаб-қувватлаш шакллари ва шартларини белгилайди.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига мувофиқ Ижтимоий шерикликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш турларидан бири фуқаролик жамияти институтларини мулкий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Қонунинг 13-моддасига мувофиқ ижтимоий шериклик соҳасида фуқаролик жамияти институтларига қонунчиликда белгиланган тартибда шартнома асосида давлат мулки текин берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-124-сонли Фармонининг 1-бандига мувофиқ фуқаролик жамияти институтларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларга ўз фаолиятини амалга ошириши учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратиш фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналиши этиб белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги 543-сонли қарори билан тасдиқланган “Ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга ажратишнинг Маъмурий регламенти”ни ўрганиб чиқдим.
Маъмурий регламентнинг 3-бандига мувофиқ ер участкалари жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланишга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерлари тоифасидаги ер участкаларидан ташқари ерлардан 13га яқин мақсадларда берилиши маълум бўлди.
Бунда ННТларга бино қуриш мақсадида ер ажратиш кўзда тутилмаган. Конституция ва қонунлардан юқорида келтирилган нормалар бу жойда ишламайди. Ўзлари амаллаб кунини кўриб юрганларга аукцион орқали сотиб олиш мумкин дейишнинг ўзи ғирт ахмоқликдир. Лекин, диний ташкилотлар учун бино қуриш мақсадида ер бериш кўзда тутилган экан. Демак, бизнинг ижтимоий ва дунёвий давлатимизда ҳукумат учун диний ташкилотлар ННТлардан афзалроқ экан, деган хулосага келдим. Наҳотки, ННТлар 5-10 сотих ерга лойиқ кўрилмаса? Уставида белгиланган ижтимоий фойдали фаолиятини амалга оширишига ёрдам кўрсатилиши керак эмасми? Нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳам йиллар давомида эътирофга лойиқ ишлар қилмаяпдими? ННТлар орасида биргина Касаба уюшмаларига давлат эътибори ортиғи билан бўлмоқда, қанча қанча давлат мулклари текинга ўтказилиб берилмоқда. Қолганлар ўгайми?
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6181-сонли Фармони билан тасдиқланган “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг амалда бўлиш даври тугаганлиги, янги “Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси”ни қабул қилиш номаълум сабабларга кўра 10 ойга кечикаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим.
Энди Олим Давлатов бошчилигидаги давлат маслаҳатчиси хизматидан умидимиз катта. Қабул қилиниши режалаштирилган Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясида кўплаб қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари белгиланишига, шу жумладан, биз кўтарган масалага ҳам ечим топилишига ишончимиз комил.
Якунида ННТлар ассоциацияси ўрнига Фуқаролик жамияти Омбудсмани институти фаолиятини йўлга қўйиш лозиммикан деб ўйлаб қолдим. Бу ҳам бир фикрда а, лаббай. Акмал аканинг ўрни билинаяпдида.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг