Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги соҳасида назорат инспекциясининг Навоий вилояти бошқармаси ходимлари Элтузарга мурожаат қилиб, байрам муносабати билан бериладиган мукофот пуллари ва ФМС маблағлари ҳисобидан тўланадиган премияларни тақсимлашда адолатсизлик бўлиши мумкинлигини даъво қилди.

Мурожаат муаллифларининг айтишича, Мустақиллик байрами муносабати билан Навоий вилояти бошқармаси ходимларига 430 минг сўмдан байрам пули берилган. Улар бошқа айрим вилоятларда ходимларга 800 минг сўмдан 1 миллион сўмгача мукофот пули берилганини иддао қилмоқда.

Ходимлар Навоий вилояти бошқармасида бу каби ҳолат бир неча йилдан бери такрорланиб келаётганини таъкидлайди.

Мурожаатда яна бир жиддий масала – ФМС маблағлари ҳисобидан бериладиган премиялар тақсимоти кўтарилган.

Ходимларнинг даъво қилишича, айрим раҳбарларга яқин ёки улар билан бирга ишга келган ходимларга мунтазам равишда бир ёки икки оклад миқдоригача мукофот пули ажратилади, бошқа ходимлар эса бундай рағбатлантиришдан четда қолади.

«ФМС ҳисобидан премия олишга бошқа ходимларнинг ҳам ҳаққи бор, аммо бу инобатга олинмайди», дейилади Элтузарга йўлланган мурожаатда.

Мурожаат муаллифлари ҳар йили ва турли байрамлар арафасида айрим ходимларга қайта-қайта мукофот пули ажратилишини ҳам савол остига олмоқда.

Хусусан, мурожаатда Ғулом Қурбонов, Абдукарим Барноев, Улуғбек Юсупов, Муҳиддин Турдиев ва Ориф Назаровнинг исмлари тилга олинган.

Мурожаатчиларнинг таъкидлашича, ушбу ходимларга премиялар такроран берилгани ҳолда, туманларда фаолият юритаётган бошқа ходимларга худди шундай миқдордаги рағбатлантириш пуллари ажратилмайди.

«Нима учун бир хил тизимда ишлаётган ходимларга турлича муносабат қилинади? Нима учун туманлардаги ходимларга ҳам шундай премиялар берилмайди?» – дея савол қўймоқда мурожаат муаллифлари.

Ходимлар Ўзагроинспекция республика раҳбариятидан Навоий вилояти бошқармасида байрам пуллари ва ФМС маблағлари ҳисобидан берилаётган мукофотларнинг сўнгги бир неча йилда кимларга, қандай мезонлар ва қандай буйруқлар асосида тақсимланганини ўрганишни сўрамоқда.

Шунингдек, мурожаатда кўрсатилган ходимларга қанча миқдорда премия берилгани, туман ва вилоят бошқармаси ходимлари ўртасида мукофот пулларини тақсимлашда қандай мезон қўлланиши ҳамда барча ходимлар учун тенг ва шаффоф рағбатлантириш тизими мавжуд ёки мавжуд эмаслигига ойдинлик киритиш сўралган.