НАВОИЙЛИК НОГИРОН: «9 КУН ДАВОЛАНДИМ, АММО НАТИЖАНИ СЕЗМАДИМ»
Навоийлик II гуруҳ ногирони 9 кун травматология бўлимида реабилитациядан ўтганини, аммо оғриқлари камаймаганини айтиб, қўйилган ташхис, даволаш режаси ва натижалар қай тарзда назорат қилинаётгани бўйича саволлар кўтарди.
Навоий шаҳрида яшовчи II гуруҳ ногирони Элтузарга мурожаат қилиб, реабилитация учун ордер асосида травматология бўлимида 9 кун даволангани, аммо муолажалардан кейин ҳам оғриқлари камаймаганини билдирди. У беморга белгиланган даволаш режаси, дори-дармонлар ва реабилитация натижаларининг қандай назорат қилиниши юзасидан саволлар кўтармоқда.
Мурожаат муаллифининг айтишича, у реабилитация учун ордер асосида травматология бўлимига ётқизилган.
Беморнинг сўзларига кўра, 9 кун давомида унга асосан физиотерапия муолажалари ўтказилган.
«Травматолог кўригида организмимда “шамоллаш кучли” экани айтилди. Аммо уколлар атиги уч кун қилинди. Орадан 9 кун ўтган бўлса ҳам, оғриқларим сезиларли камаймади, аҳволимда ҳам жиддий ижобий ўзгариш сезмадим», – дейди мурожаат муаллифи.
Фуқаро унга айнан қандай ташхис қўйилгани, қандай даволаш режаси белгилангани ва даволаш натижаси қай тарзда баҳолангани ҳақида тўлиқ маълумот олишни истамоқда.
Унинг фикрича, мавжуд шикоятлардан келиб чиққан ҳолда бошқа мутахассислар кўриги ёки қўшимча текширувларга эҳтиёж бўлган-бўлмагани ҳам баҳоланиши керак эди.
Мурожаат муаллифи яна бир муҳим масалани кўтармоқда: реабилитация учун қабул қилинган ногиронлиги бўлган беморларга белгиланган дори-дармон ва муолажалар амалда қандай ҳисобга олинади?
Элтузар мазкур мурожаат юзасидан тиббиёт муассасаси, Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда бошқа ваколатли идораларнинг расмий муносабатини эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг