Наманган вилоятида туман ахборот хизматлари ходимларига навбатма-навбат дастурхон ташкил қилиш ва қиммат спиртли ичимликлар билан меҳмондорчилик уюштириш талаби қўйилаётгани ҳақида Элтузарга мурожаат келди. Муаллифлар бу талабларни вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Илҳомжон Раҳматов билан боғламоқда.

Мурожаатда иддао қилинишича, бундай йиғинларни ташкил этишдан бош тортганлар кабинетга чақирилади ёки уларга нисбатан бойкот қўлланади. Бироқ бойкот нимада намоён бўлиши ва харажатлар қайси маблағлар ҳисобидан қопланишига оид ҳужжатлар тақдим этилмаган.

«Кун ора туман ахборот хизматларига навбатма-навбат дастурхон тайёрлатилиши, энг қиммат спиртли ичимликлар билан меҳмондорчилик қилиниши жондан ўтди», — дейилади мурожаатда.

Муаллифлар бу амалиёт ахборот хизматлари ходимлари орасида норозилик ва бўлинишга сабаб бўлаётганини айтмоқда. Уларнинг таъкидлашича, раҳбариятга мулозамат қилувчилар қўллаб-қувватланиб, бошқалар эътибордан четда қолмоқда.

Мурожаатда Раҳматовнинг бевосита хизмат вазифаларини бажаришига ҳам эътироз билдирилган. Хусусан, вилоятдаги долзарб воқеаларга расмий муносабат беришда фаол эмаслиги, ҳокимнинг тадбиркорлар билан учрашувларини ёритиш эса бошқа ижодкорлар зиммасига тушаётгани айтилган.

Муаллифлар вилоят раҳбариятидан ахборот хизматларидаги муҳит ва матбуот котиби фаолиятига эътибор қаратишни сўрамоқда.

Мурожаатдаги босим ва мажбурий меҳмондорчилик ҳақидаги даъволар мустақил тасдиқланган эмас. Тақдим этилган материалларда Илҳомжон Раҳматов ёки Наманган вилояти ҳокимлигининг бу иддаоларга муносабати мавжуд эмас.