Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтининг собиқ ходими Элтузарга мурожаат қилиб, дарс юкламаси ўрганилганидан сўнг унга босим ўтказилиб, ишдан бўшаш ҳақида ариза ёздирилганини айтди. Мурожаатга илова қилинган Telegram ёзишмаларида эса икки талаба якуний назорат билетларини олдиндан олгани ва имтиҳонга тайёр жавоблар билан киргани даъво қилинган.

Скриншотлардаги хабар муаллифига кўра, талабалардан бири гуруҳ сардори бўлган. У ўзи ва шериги учун иккита қўшимча дафтар чоп эттирган, билетлар эса конверт муҳрланишидан олдин олинган. Икки талаба жавобларни дафтарга олдиндан ёзиб, якуний назоратга кирганида ушлангани айтилмоқда. Хабар муаллифи воқеадан кейин ўқитувчи ҳам тушунтириш хати ёзишга мажбур бўлганини ёзган.

Ёзишмада айрим талабалар деканатга пул бериб, имтиҳон билан боғлиқ масалаларни ҳал қилаётгани ҳам даъво қилинади. Хабар муаллифи мазкур икки талаба тестни гуруҳдошлари билан бир вақтда ва бир хил шартларда топширишини назорат қилишни сўраган. Скриншотларда хабарлар акс этган. Билетлар олдиндан олингани, пул берилгани ёки бунда деканат ходимларининг иштироки мустақил тасдиқланмаган.

Собиқ ходимнинг айтишича, у ректор топшириғи билан дарс жараёнини ўрганишда қатнашган. Ўрганиш чоғида декан ва кафедра мудири бўш дарс соатларини яшираётганини аниқлаганини айтган. Унинг даъвосича, шундан сўнг декан ректорга таъсир ўтказган ва унга ишдан кетиш ҳақида ариза ёздирилган.

Мурожаатда дарс қолдирган айрим талабалардан пул йиғилгани, баъзи талабалар хизмат хонасига якка тартибда чақирилиб, уларга сессиядан ўтказиб қўйиш ваъда қилингани ҳам айтилган. Яна бир даъво HEMIS тизимига тааллуқли. Унга кўра, декан ўринбосари айрим талабаларнинг қониқарсиз баҳоларини ўзгартириш бўйича ўқув ишлари бўйича проректорга сўров юборган ва сўровларни маъқуллаш учун босим ўтказган. Сўровлар юборилгани ва баҳолар амалда ўзгартирилгани ҳозирча мустақил тасдиқланмаган.

Мурожаатчилар якуний назорат билетлари кимларга ва қачон берилганини, HEMIS орқали баҳоларни ўзгартириш бўйича қандай сўровлар юборилганини ҳамда собиқ ходимнинг ишдан кетиш ҳолатларини ўрганишни сўрамоқда. Институт раҳбарияти ва мурожаатда тилга олинган ходимларнинг изоҳи ҳозирча Элтузарда йўқ. Мурожаатчилар шахсига доир маълумотлар уларнинг илтимосига кўра ошкор этилмади.