ДАВЛАТНИНГ ЖУНИ БИЛАН ШАХСИЙ ЖУН АРАЛАШИБ КЕТГАН, ТИЛЛА ТУХУМ БЕРАДИГАН СОҲА ҲАҚИДА
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров мобил алоқа соҳасидаги солиқ имтиёзлари, тарифларининг асоссиз ошиши ва UZIMEI тўловлари ортидаги манфаатдор гуруҳлар, назоратсиз йиғилаётган миллионлаб долларлар ҳамда давлат идоралари масъулиятини танқид қилади.
Мамлакатимизда бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кўплаб имтиёз ва преференсиялар берилган бўлиб, улар бундан фойдаланиб келмоқдалар. Мисол учун мобил алоқа компаниялари учун янги Ўзбекистонда аксиз солиғи бекор қилнган. Сўнгги 3 йил ичида соҳа учун акциз солиғи 20% дан 15% га, кейин 10% га туширилиб, якунда бутунлай бекор қилинди. Нима булар ўта стратегик соҳамидики, имтиёз берилса? Бюджетга пул керак эмасми, фақат аҳолини соғадими? Буларнинг ҳисобига мобил алоқа компанияларига яхшигина ижтимоий мажбуриятлар юклатиш керак эмасмиди?
Аслида, солиқ юкининг камайиши тарифлар пасайишига ёки хизмат сифати кескин ошишига олиб келиши керак эди. Аммо амалда нархлар тўхтовсиз кўтарилмоқда, сифат эса ўзгармаган, вилоятлараро юрсангиз кўп жойда алоқа ҳам, интернет ҳам йўқ.
Бундан ташқари мобил алоқа компаниялари томонидан ортиқча мегабайт, смс ва дақиқаларни қўшиб, тарифларини истеъмолчининг розилигисиз ошираётганлиги юзасидан мурожаатлар кўпаймоқда. Энг арзон, базавий тариф режалари 1 йилнинг ўзида 70% гача қимматлашган, охирги 3 йил ҳисобида олинса, энг оммабоп тарифлар 2,2–2,4 баробаргача ошган.
Шунингдек, мобил алоқа компаниялари томонидан аҳоли (истеъмолчилар)нинг камбағал қатламига, масалан, пенсионерларга мўлжалланган, фақат абонент тўловидан иборат бўлган (мегабайт, смс ва дақиқалар қўшилмаган) арзон пакетларни истеъмолдан чиқариб ташланиб, улар қолмади ҳисоб. Виждонсизлар.
Мобил алоқа компаниялари томонидан амалга оширилаётган тарифларни ошириш амалиёти фуқароларнинг розилигисиз амалга оширилаётгани адолат тамойилларига мос келмайди ва инсофсиз амалиёт сифатида баҳоланиши керак.
Нима учун бундай вазиятда бозорни назорат қилувчи ва истеъмолчилар манфаатини ҳимоя қилиши шарт бўлган давлат инспекцияси ҳамда Рақобат қўмитаси фақат «ўрганяпмиз» деган навбатчи баёнотлар билан чекланиб келмоқда?
Бундан ташқари Ўзбекистонликларни етти йилдан бери талаб, IMEI-код бериб хусусий хўжасининг чўнтагига ноқонуний ўлпон йиғаётган UZIMEI тизими мавжуд.
IMEI-код тўлови бу солиқми, божми, нега бу тўлов Кодексларда йўқ. Нобож тариф бўлса, Конституция нормаси қаерда қолди? Кимдан сўраб жорий қилинган? Фуқаро ўз пулига сотиб олган бўлса, ЖСТга кириш арафасида бўлсак, бу тўлов қаердан чиқди ўзи? UZIMEI тизими яширин иқтисодиёт билан курашадми? Йўқ. Хавсизликка кўмакчими? Йўқ. Аҳолини қийнайдими ёки танловсиз қолдирадими? Ҳа. Бир тўда жисмоний шахсларнинг пул топиш манбаими? Ҳа.
Унда нимага Божхона қўмитаси UZIMEI учун пул йиғилиши учун қайғуради? Нимага ҳуқуқ-тартибот органлари жиноят ишлари очиб ташланаяпди? Шунда булар хусусий шахслар олдида ҳисобдорми?
UZIMEI тизими иш бошлагандан бери 250 миллион доллардан ортиқ йиғилган пуллар нимага сарфланди? Сингапурнинг Information Technology Center қўшма корхонасини бойитишгами? Иш жойлари яратилдими? Ўзбекистонликлар булардан қарздор эмасми, мабодо? Шундай пул тушуми бор экан нимага аввал бошдан бюджетга тушириш ҳақида ўйланмаган? Давлатга хиёнат эмасми, бу?
Давлат органларида бир-бирини назорат қилиш тамойили ишлмаяпди. Натижада нима бўлмоқда? Ўзбек истеъмолчиси ривожланган давлатда ишлаб чиқарилган телефонни ўша давлатнинг бой истеъмолчисидан 2 баравар қимматроққа харид қилмоқда.
Булар узларининг бенифициарлари бўлган жисмоний шахсларни аниқлаб бўлмайдиган даражада яширишган. Махсус хизматлар ҳозир ҳеч нарса қўлидан келмас экан, вақти келганда пулларни давлатга қайтариш (ёки национализация қилиш) мақсадида булар ҳақида маълумотларни тўплаб бориши лозим.
Бошқа соҳаларда жамоатчилик танқид қилса озми кўпми ўзгариш бўлади. Лекин, юқоридаги соҳаларда 7-8 йилдан буён бўлаётган танқидларни ҳеч ким эшитишмайди, аҳолининг талабига қараб ўзгариш бўлмайди. Бунга сабаб соҳанинг лоббиси қарор қабул қилгувчими? Ундай бўлса, бу соҳани қўллаб турган одамни четлаштириш вақти аллақачон келган, 10 йиллаб бир жойда ўтирадиган вақтлар ўтиб кетган.
Бунинг учун давлатнинг конституциявий институтлари номигагина фаолият кўрсатмаслиги (ўлик бўлмаслиги) керак, ҳукумат бошлиғи ҳам сайланиши ва халққа ҳисобдор бўлиши керак. Солиқлар ва божларни фақат парламент белгилаши керак. Аҳолини харажатга қўядиган ҳар қандай йиғимни жорий этишда аҳоли сайлаган парламентнинг рухсатини олиш керак. Берилган солиқ имтиёзлари натижаси сўраб олиниши керак.
Бўлмаса, ўзбекистонликлар бир тўп манфаатдорлар фойдасига таланишда давом этаверади.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг