Британиялик файласуф Бертран Рассел “Ҳукумат ўзини хавфсиз ҳисоблагандагина сўз эркинлиги мавжуд бўла олади” деган эди.

Жорий йилда Ўзбекистон Матбуот эркинлиги индексида 180 давлат орасида 147-ўринни эгаллади. Мамлакатнинг индексдаги ўрнини яхшилаш мақсадида Сенатда ишчи гуруҳ тузилган. Журналистларга “Тошингни тер”ни ўқишни тавсия қилган, ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, ИИВ Ахборот хизмати раҳбари (собиқ) Шоҳрух Ғиёсов матбуот эркинлиги бўйича ишчи гуруҳга киритилган, энди журналистларни судга босим ўтказишда айблаган одам уларнинг ишига ким тўсқинлик қилаётганини ўрганади. Ўзбекистон парадокслар мамлакати.

Яқиндагина Ўзбекистон футбол терма жамоаси, Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейига жой бермасдан кўчириш ҳақида танқидий мақолалар ёзган танқидчиларни “диван экспертлари” дегувчилар буни ўзи ҳақида айтгандир, балки. Бировларга лақаб қўйиш жиноят оламига хосдир. Нормал сиёсатчи танқидчиларни таъқиб қилмайди. Ҳар ҳолда Конституция ҳам, халқ ҳам унга бундай ваколат бермаган.

Бирор бир вазирлик тизимидаги камчиликларни ўрганиб, маълум қилиб (танқид қилиб), ўз ҳуқуқларидан фойдаланганлиги учун журналист ҳуқуқий жиҳатдан жавобгар бўлмаслиги керак, албатта. Унинг сўз ва фикр эркинлиги каби конституциявий ҳуқуқлари бор. Аслида, ўша давлат ташкилотининг ишчанлик обрўсини ўша ташкилотнинг раҳбарлари ўзларининг қинғир ишлари билан ер билан яксон қилаётгани ҳаммага аён.

Махсус тайёргарликка эга ҳуқуқий бошқарманинг ходимларини оддий журналистга нисбатан қарши ишлатиш камида ваколат доирасидан четга чиқиш деб баҳоланиши керак. Бу ходимларнинг бошқа иши йўқми? Маъмурий ресурслардан нотўғри фойдаланилаётганлигини ким назорат қилади прокуратурами ёки Ҳисоб палатасими?

Давлат ҳокимияти органлари ва уларнинг амалдорлари уларнинг фаолиятини жамоатчилик назоратидан ўтказганлиги ёки танқид қилганлиги учун журналист ёки жамоатчилик фаоли устидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд бўлмаслиги нормасини миллий қонунчилигимизга киритиш вақти аллақачон етиб келган. Халқаро ҳуқуқда бу мавжуд. Амалдор бундай қилишни истаса, жисмоний шахс сифатида мурожаат қилиши керак.

Буларни қонунчилик таклифи сифатида қабул қилинг.

Бундай тақиқларга ва цензурага йўл қўяётганлар мамлакат ривожланишини, шаффофликни, фикрлар хилма-хиллигини хоҳламайди. Билган бў…ини ейишни хоҳлайди. Ким мавзуларни тақиқлаётган ва чеклаётган бўлса, писиб иш қилмасин, мардларча исми-шарифини қўйиб, шу ҳақида ҳужжат имзоласин, судга бериб бекор қилдирилади.

Ошкораликка қарши бўлганлар давлат хизматида ишламаслиги керак. Қайси амалдорга жамоатчилик назорати ёқмаса, истеъфо берсин, оддий фуқаро сифатида фаолият кўрсатсин.

Бундан ташқари миллиардлаб сўм бюджет пулидан молиялаштирилаётган теле ва радиоканаллар, вақтли матбуотни давлат таъсиридан чиқариб, хусусийлаштириш керак. Ўз кунини ўзи кўрсин.

Тақиқлар ва “ошкоралик ўлсин, билмасдан танқид қилиб қўйибман, кечиринг” кўринишидаги кечирим сўраттиришлар тарақиётимизга ва халқаро рейтинглардаги ўрнимизга болта уришини яна бир бор таъкидлаймиз.

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга. Цензурага йўл қўйилмайди. Яшасин Конституция.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров