КЎРИНМАС ФРОНТНИНГ АЁВСИЗ ЖАНГЛАРИ
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорлик ортида Марказий Осиёда хавфсизлик ва разведка соҳаси учун кечаётган яширин рақобат, Россия, Хитой ва Туркия таъсир кураши ҳамда миллий разведка мактабини яратмаслик оқибатлари таҳлил қилинди.
19 май куни Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов ва ХХРнинг Ўзбекистондаги элчиси Ю Жун “Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш устида мулоқот қилди”. Ушбу учрашув чоғида асосий диққат Ўзбекистон ва Хитой Ҳукуматлараро Қўмитасининг 2026 йил 7 май куни Пекинда келишилган сиёсий, иқтисодий, савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, энергия, маданий-гуманитар алоқаларни янада чуқурлаштириш ҳаракатларига қаратилди.
Сиёсий таҳлилчиларга кўра, “Россиянинг Украинадаги уруши ва Кремлнинг собиқ СССРни тиклаш учун бераётган ярим-чин, ярим-ҳазил сигналлари бутун Марказий Осиё минтақасини, жумладан Ўзбекистонни ҳам, кўп-векторли сиёсат юритишга ундади. Шунинг учун Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари Хитой, Туркия, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи ва Америка каби бошқа сиёсий ва иқтисодий кучлар билан ҳам ҳар томонлама алоқаларини ривожлантирмоқда”.
Лекин кўплаб сиёсий ва хавфсизлик бўйича таҳлилчилар ҳамда экспертларнинг диққатидан четда қолаётган ўта муҳим жараёнлар борки, уларнинг зудлик билан сиёсатчилар ва сиёсатшунослар диққат марказига тортилмаслиги нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақанинг стратегик келажагини хавф остига қўяди.
Ана шундай соҳалардан бири бу хавфсизлик, ҳарбий ва разведка соҳасидир. Ҳар бир давлатнинг давlатчилик ва давлат бошқаруви умуртқасидаги энг муҳим поғона бўлган бу соҳа Марказий Осиё давлатларида том маънода миллийлаша олмади, яъни бутун мамлакат ва халқ хавфсизлиги учун ишлайдиган ташкилотга айлана олмади.
Бошқача талқин қилинганда, Ўзбекистон дохил минтақанинг ҳеч бир давлати ўз миллий хавфсизлик ва разведка мактабини ярата олмади. Аксинча, улар эски совет КГБси тарзидаги авторитар режимлар қўлидаги жазо инструменти бўлиб қолмоқда.
Ҳатто Россия эски КГБнинг ташкилий структурасидан воз кечиб, бир-биридан мустақил разведка, контрразведка ва хавфсизлик-қўриқлаш хизматлари тизимини барпо этди. Аммо КГБнинг регионал бюролари бўлган Марказий Осиё хавфсизлик ва разведка хизматлари айни структурада мутлақо ўзгаришсиз қолди.
Ҳозирда ушбу соҳани жиловлаш ва ўз таъсир воситасига айлантириш учун янги ўйинчилар, айниқса Хитой ва Туркия, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида Россия билан шиддатли рақобатга киришган.
Шу вақтгача барча Марказий Осиё давлатларидаги хавфсизлик ва разведка хизматлари ходимлари асосан Россияда малака ошириб келади ва бу ҳолат Кремль учун Марказий Осиёдаги авторитар режимларни нафақат ўзининг сиёсий, геосиёсий, хавфсизлик ва ҳарбий таъсир доирасида тутиш, балки уларнинг стратегик мавжудлигини ўз истагига кўра шакллантириш имконини берарди.
Энди айнан шу соҳада Россия учун Хитой ва Туркия жиддий рақобатчилар бўлиб майдонга чиқмоқда. Юқорида келтирилган хабардаги “сиёсий стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш” ибораси, бизнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва хавфсизлик хизматидаги манбаларимизга кўра, Хитойнинг Ўзбекистонга қўяётган кучли босимига ишорадир.
Туркия ҳам Марказий Осиё давлатларидаги айни соҳани ўз таъсир доирасига олиш учун изчил ҳаракатлар қилмоқда. Масалан, ана шундай воситалардан бири “Туркий тилли давлатлар ташкилоти”дир.
Ҳозирда Озарбайжонда мазкур соҳага Туркия Миллий Истихборот Ташкилотининг (MIT) таъсири жуда баланддир ва MIT бу таъсирга эга бўлиш учун курашда Исроилнинг “Моссад” ташкилотини тўлиқ мағлубиятга учратди.
Шуни таъкидлаш ўринлики, ҳануз ўз миллий хавфсизлик ва разведка мактабларини ярата олмаган Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон, жиддий стратегик таҳдид остида турибди. Ушбу давлатлар зудлик билан ўз миллий хавфсизлик ва разведка мактабларини яратиш ва уларнинг манбаларини диверсификация қилишни бошлашлари лозим. Акс ҳолда, уларнинг бутун давлатчилиги ва давлат бошқаруви экзистенциал таҳдид остида қолади.
Сўнгсўз ўрнида, “Бир теран режа минглаб аскарлар вазифасини бажара олади”, деган Темур дунё тарихидаги энг кучли империялардан бирини барпо этганди. Ана ўша “теран режа” бу унинг Хавфсизлик ва Разведка хизмати эди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг