АВСТРИЯ МИГРАНТЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН ОРҚАЛИ ДЕПОРТАЦИЯ ҚИЛИШИ МУМКИН
Австрия Ўзбекистон ҳудудида мигрантларни, жумладан афғон фуқароларини ватанларига қайтариш учун транзит пункти ташкил этиш бўйича битим имзолашни режалаштирмоқда. Бу Европа Иттифоқининг миграцияни жиловлаш сиёсати доирасида кўрилаётган чоралардан биридир.
Австрия Ўзбекистонда мигрантларни депортация қилиш учун транзит пунктини ташкил этиш, жумладан, Афғонистон фуқароларини ватанга қайтариш бўйича Ўзбекистон билан битим имзолайди, деб хабар берди Австрия ҳукумати.
Ҳукуматга кўра, Австрия ички ишлар ва ташқи ишлар вазирлари 7-май куни Ўзбекистонга ташриф доирасида ушбу битимни имзолашни режалаштирмоқда.
Бу депортация қилиниши лозим бўлган шахсларни уларнинг келиб чиққан мамлакатларига, айниқса, Афғонистонга транзит қилиш учун муҳим битим, деди Австрия Ички ишлар вазирлиги вакили Маркус Ҳайндл.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар миграцияни жиловлаш бўйича кенгроқ саъй-ҳаракатлар доирасида депортация жараёнларини бошқариш учун иттифоқдан ташқаридаги давлатлар билан ҳамкорлик имкониятларини, жумладан бошпана бериш рад этилган шахслар учун “қайтариш марказлари” деб аталувчи тузилмаларни ташкил этишни ўрганмоқда.
Дания, Австрия, Греция, Германия ва Нидерландияни ўз ичига олган давлатлар гуруҳи март ойида бундай чораларни режалаштириш ва мувофиқлаштиришни давом эттириш ниятини билдирган эди. Австрия 2025-йилдан буён 2021-йилда Толибон ҳокимиятга қайтганидан кейин ёндашувини ўзгартириб, Афғонистоннинг бир неча фуқаросини депортация қилди. Вена, шунингдек, 2024-йилда Башар Асад режими қулаганидан сўнг Сурия фуқароларини ҳам ватанига депортация қилишни бошлади.
Ҳозирда Европа Иттифоқи иттифоқ ҳудудида қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларни депортация қилиш кўламини кенгайтириш, жумладан уларни Афғонистонга юбориш бўйича режалар ишлаб чиқмоқда, дейилади ҳукумат хабарида. Бу эса ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссариати огоҳлантиришларига қарамай амалга оширилмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг