АРМАНИСТОННИНГ РОССИЯГА ҚАРШИ ДЕМАРШИ: ЎЗБЕКИСТОН УЧУН САБОҚЛАР
Арманистоннинг Россияга қарши кескин демарши постсовет маконидаги янги геосиёсий воқеликларни очиб берди. Бу воқеа Ўзбекистон учун хавфсизлик, иқтисодий боғлиқлик ва ахборот майдонида қандай сабоқлар бериши мумкинлиги таҳлил қилинади.
Ереваннинг Кремлни ғазабга келтирган демарши постсовет ҳудудидаги энг муҳим геосиёсий сигналлардан бири. Бу фақат икки давлат ўртасидаги навбатдаги дипломатик таранглик эмас. Бу постсовет давлатлари Москва билан муносабатларда қандай янги стратегия қидираётганининг кўринишидир. Ўзбекистон учун эса бу жараёнда бир нечта жиддий сабоқлар бор.
Биринчиси – хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги иллюзиялар. Арманистон узоқ йиллар Россияни ўзининг асосий ҳарбий ва сиёсий ҳомийси деб билди. Мамлакатда Россия ҳарбий базаси бор, Арманистон КХШТ аъзоси, иқтисодий ва энергетик жиҳатдан ҳам Москвага қаттиқ боғланган эди. Лекин Қорабоғ уруши ва ундан кейинги жараёнлар Ереван учун аччиқ ҳақиқатни очди: геосиёсатда “абадий иттифоқчи” деган тушунча йўқ. Катта давлат биринчи навбатда ўз манфаатини ҳимоя қилади.
Бу Ўзбекистон учун муҳим сигнал. Тошкент сўнгги йилларда ташқи сиёсатда мувозанатни сақлашга уринмоқда: Россия, Хитой, Ғарб ва Туркия билан бир вақтнинг ўзида ишлаш сиёсати олиб бориляпти. Арманистон мисоли бир марказга ортиқча суяниш стратегик хавф туғдиришини кўрсатади.
Иккинчиси- иқтисодий боғлиқликнинг сиёсий оқибатлари. Арманистон иқтисодиётининг катта қисми Россия капитали, банки ва бозори билан боғланган. Шунинг учун сиёсий мустақилликни кучайтириш уринишлари иқтисодий босимлар хавфини ҳам келтириб чиқаряпти. Ўзбекистон ҳам меҳнат миграцияси, савдо ва валюта оқими нуқтаи назаридан Россия билан чуқур боғланган давлатлардан бири. Демак, диверсификация — шунчаки иқтисодий эмас, балки миллий хавфсизлик масаласи ҳамдир.
Учинчи сабоқ – ахборот майдони. Арманистонда Россия таъсири нафақат сиёсат ёки иқтисодиётда, балки медиа ва жамоатчилик фикрида ҳам кучли эди. Бугун Ереван Россиядан масофалашишга уринаётган бир пайтда, ички ахборот уруши ҳам кучайди. Ўзбекистонда ҳам ташқи медиа таъсири жуда катта. Бу эса миллий ахборот муҳитини мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатади.
Ва ниҳоят, миллий элитанинг мустақил фикрлаш қобилияти. Арманистонда Россия билан муносабатлар узоқ вақт “муқаддас” мавзудек қабул қилинган. Танқид қилиш деярли мумкин эмас эди. Лекин геосиёсий инқирозлар шунчаки тарихий ҳиссиётлар ёки совет мероси билан эмас, прагматик ҳисоб-китоб билан яшаш кераклигини кўрсатди. Ўзбекистон элитаси учун ҳам ташқи сиёсатда эмоция эмас, манфаат биринчи ўринда туриши керак.
Албатта, Ўзбекистон ва Арманистоннинг вазияти бир хил эмас. Ўзбекистон каттароқ, ресурсларга бойроқ ва географик жойлашуви ҳам бошқа. Лекин Арманистон тажрибаси бир ҳақиқатни яна эслатди: кичик ва ўрта давлатлар учун энг муҳим капитал – ташқи сиёсатдаги манёвр имкониятини сақлаб қолишдир.
Бугунги дунёда ҳеч бир геосиёсий марказга тўлиқ таяниш хавфсиз эмас. Арманистоннинг Россияга қарши демарши ана шу ҳақиқатнинг навбатдаги исботидир.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг