МАЛАКА ОШИРАДИГАН МУАССАСАНИНГ ЎЗИДА МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ БУЗИЛЯПТИМИ?
Тошкент вилоятидаги малака ошириш муассасаси ўқитувчилари директор Тимур Калмуратовнинг кадрлар сиёсати, номутаносиб тайинловлар ва эҳтимолий коррупция ҳолатларидан ўта норози. Улар вазирликдан текширув ўтказишни сўрамоқда.
Элтузарга ўзини Тошкент вилоятидаги малака ошириш муассасаси ўқитувчилари деб таништирган шахслар мурожаат қилди. Улар директор Тимур Калмуратовнинг кадрлар сиёсатидан, яъни ходимларни ишга олиш ва ишдан бўшатиш тартибидан норози.
Мурожаат муаллифлари таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимовдан муассасадаги тайинловларни, ходимларнинг лавозимга мослигини ва эҳтимолий коррупция ҳолатларини текширишни сўрамоқда.
«Биз, ёши улуғ ўқитувчилар, бундай номутаносиб бошқарув ва кадрлар сиёсатини ҳали кўрмаганмиз», – деб ёзилган мактубда.
Муаллифларнинг сўзларига кўра, муассасада тажрибали ва яхши натижа кўрсатган ходимлар тез-тез ишдан бўшатилмоқда. Айни пайтда айрим лавозимларга маълумоти ва иш тажрибаси талабга мос келмайдиган одамлар олинган эмиш. Мактубда яна бир даъво бор: ишдан бўшатилган баъзи ходимлар пора эвазига қайта ишга тикланган. Лекин бу гапни тасдиқлайдиган ҳужжатлар таҳририятга берилмаган.
Мурожаатда кадрлар бўлими, мактабгача таълимни мувофиқлаштириш, фанларни ривожлантириш ва ахборот-коммуникация йўналишларидаги раҳбар лавозимларга тайинловлар алоҳида танқид қилинган. Муаллифларнинг айтишича, бу лавозимлардаги айрим масъулларда соҳада етарли раҳбарлик тажрибаси йўқ, баъзиларининг маълумоти эса бажараётган ишига тўғри келмайди. Масалан, бакалавриатни ҳали битирмаган одам бўлим бошлиғи қилиб тайинланган, педагогик маълумоти йўқ ходимларга эса педагогик йўналишдаги вазифалар топширилган. Муаллифлар бу лавозимларга аниқ таълим даражаси ва иш стажи талаб қилинишини таъкидлайди.
Яна бир жиддий иддао: айрим ходимлар ишга келмасдан маош олаётган эмиш, раҳбарият эса бунга кўз юмаётган эмиш. Бундан ташқари, мактубда айрим ходимларнинг аввалги фаолиятида коррупция билан боғлиқ айбловлар, судланганлик ва муайян лавозимларда ишлашга чекловлар бор, деб ёзилган.
Малака оширадиган муассаса ҳақида малака талаблари четлаб ўтилаётгани ҳақида шикоят келиши – масъуллардан ҳужжатларга асосланган очиқ жавоб талаб қиладиган ҳолат. Тайинлов буйруқлари, лавозим талаблари, иш вақти ҳисоби ва холис текширув натижалари бу саволларга ойдинлик киритиши мумкин.
Элтузар Тимур Калмуратов, муассаса раҳбарияти ва тегишли таълим идораларининг мурожаатда кўтарилган масалалар бўйича фикрини эълон қилишга тайёр. Мурожаатдаги айбловлар мустақил тасдиқланмаган, тилга олинган шахсларнинг муносабати эса ҳозирча маълум эмас.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг