ВАЗИР ҚАРШИЛИГИГА ҚАРАМАЙ «ЙИҒДИ-ЙИҒДИ» НЕГА ТУГАМАЯПТИ?
Вазир Эъзозхон Каримова мактаб таъмири учун пул йиғишга қарши эканини айтади, аммо амалда «йиғди-йиғди» нега тўхтамаяпти? Қонун, бюджет, жавобгарлик ва жамиятда одатийлашаётган ноқонуний амалиёт таҳлил қилинади.
“Мактаб ремонти учун ота-оналардан пул йиғишга қатъий қаршимиз”, – деди вазир Эъзозхон Каримова. Бу гапни эшитган одамда “агар ҳақиқатан ҳам қарши бўлсангиз, нега бу амалиёт йиллар давомида тўхтамаяпти, нега ҳар йили ёзги таътил бошланиши билан мактабларда яна ўша таниш сценарий – ремонт, ўқитувчи ва ота-оналардан пул йиғиш, одамлар норозилиги ва расмийларнинг инкори қайта-қайта такрорланаверади,” – деган табиий савол туғилади.
Муаммо шундаки, бу ерда қонун билан ҳаёт ўртасида катта жарлик бор. Қонун мактаб таъмири давлат ва маҳаллий бюджет ҳисобидан бўлиши кераклигини аниқ белгилаб қўйган. Аммо амалда бу масъулият бир бўғиндан иккинчисига улоқтирадиган “иссиқ сомса”га айланган. Вазирлик сиёсатни белгилайди, лекин ижрони ҳокимликларга юклаб қўйган. Ҳокимликлар эса кўп ҳолатда маблағ етишмаслигини баҳона қилиб, босимни мактабларга ўтказади. Мактаб эса ўз навбатида ўқитувчилар ва ота-оналарни сиқувга олади. Натижада қонун бузилиши тизимли ҳолатга айланади ва ҳеч ким ўзини айбдор ҳис қилмайди.
Расмий рақамлар қўрқинчли даражада катта. Таълим тизимига Ўзбекистонда ўнлаб триллион сўм ажратилади. Ўзбекистонда бюджетнинг катта қисмини “ейдиган” соҳа – бу таълим. Лекин ажратилган маблағларнинг асосий қисми маошларга кетади, таъмир ва инфратузилма эса доим иккинчи даражали масала сифатида қолиб кетаверади. Агар инфратузилмага доим етарли эътибор берилмаса, табиийки, таъмир юки доимо ота-онага тушади.
Айрим ҳолларда “ташаббусли бюджет” ёки халқаро лойиҳалар орқали мактаблар таъмирланади. Лекин бу тизимли ечим эмас, балки омадга боғлиқ механизм. Қайси мактаб овоз йиғса – ўша таъмирланади, қолганлари эса кутиб ётаверади. Бу эса тенгсизликни янада кучайтиради ва “ким омадли – ўша яхши шароитга эга” деган мантиқни шакллантиради.
Энг оғир юк эса энг заиф бўғин – ўқитувчи ва ота-онага зиммасига тушади. Ўқитувчи расман “мардикор эмас”, лекин амалда таъмирга жалб қилинади. Ота-онадан пул йиғиш ноқонуний, лекин амалда бу “ихтиёрий-мажбурий” шаклда давом этади. Ҳеч ким расман мажбурламайди. Лекин ҳамма пул бермасанг, боланг ўқийдиган муҳит яхшиланмайди, деган гапни яхши билади. Шу тарзда тизим ноқонуний амалиётни жамиятнинг ўзига “нормал” қилиб кўрсатади.
Афсуски, бу ҳолатга ҳамма кўникиб бормоқда. Вазирлик баёнот беради, ҳокимликлар ҳисобот тайёрлайди, мактаблар эса “қўлидан келганини” қилади. Лекин натижа ўзгармайди. Чунки муаммо пул етишмаслигида эмас, балки жавобгарликнинг йўқлигида. Агар ҳақиқатан ҳам бу амалиётга қарши курашилса, у ҳолда назорат, жазо, очиқ ҳисобдорлик каби аниқ механизмлар ишлаши керак эди. Лекин бугунча улар ё ишламайди, ёки умуман мавжуд эмас.
Шунинг учун Эъзозахон Каримованинг “қаршимиз” деган гап жуда чиройли эшитилади, лекин оддий баёнот бўлиб қолаверади. Чунки жамият учун муҳим нарса сўз эмас, натижа. Бугунги натижа шуки, мактабни давлат таъмирлаши керак бўлган жойда, бу вазифани яна халқ бажаряпти.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг