Амалдор компьютер олдига ўтиради. Саволларга жавоб беради. Тизим унга балл қўяди. Натижаси юқори бўлса, коррупция хавфи юқори лавозимга ҳам тавсия этилади.

Бироқ жамоатчиликни қийнаётган савол бошқа: амалдорнинг расмий даромади билан унинг бойлиги бир-бирига мос келадими?

Коррупцияга қарши барқарорликни баҳолаш ташаббуси айнан шу савол олдида синовдан ўтади. Тест кадрлар билан ишлашда ёрдамчи восита бўлиши мумкин. Лекин унинг натижасидан амалдорнинг молиявий фаолияти ҳақида хулоса чиқариб бўлмайди.

600 БАЛЛ НИМАНИ ИСБОТЛАЙДИ?

Лойиҳа ҳақидаги хабарларда диагностика коррупция хавфига ишора қилувчи хулқ-атвор кўрсаткичларини аниқлаши айтилган. Демак, баҳолашнинг мақсади шахснинг эҳтимолий хатти-ҳаракатларини ўрганишдир. Бу унинг активлари қонуний орттирилганини текширишдан бошқа вазифа.

Юқори балл олган ходимнинг мол-мулки бўйича саволлар бўлиши мумкин. Паст балл олган ходим эса умрида пора олмаган бўлиши мумкин. Шунинг учун натижани «ҳалоллик гувоҳномаси»га айлантириш ҳам, паст баҳони коррупционерлик тамғаси сифатида ишлатиш ҳам асоссиз.

Тизимнинг ишончлилиги учун саволларнинг мазмунидан ташқари, баҳолаш услубияти қандай текширилгани ҳам аҳамиятли. Нега айнан шу балл чегаралари танланган? Тест ҳақиқий хизмат шароитидаги хатти-ҳаракатни қанчалик башорат қилади? Турли тилда топширган ходимларга тенг шароит яратилганми?

Бу саволларга очиқ жавоб бўлмаса, рақамнинг аниқ кўриниши натижанинг ишончлилигини кафолатламайди.

ТЕСТДАН ЎТГАН АМАЛДОРНИ КИМ ТЕКШИРАДИ?

Энг хавфли эҳтимол – юқори натижа назоратни сусайтириш учун баҳона бўлиши.

«У диагностикадан ўтган» деган жавоб шубҳали тендерни, қариндошига берилган шартномани ёки даромадга мос келмайдиган активни текширишни тўхтатмаслиги керак. Хавфи юқори лавозимга тавсия қилинган шахсга нисбатан молиявий ва хизмат назорати ҳам юқори бўлиши зарур.

Акс ҳолда, тест коррупция хавфини бошқариш воситасидан амалдорга ишонч ёрлиғи бериш маросимига айланиб қолиши мумкин. Бу – ҳозир содир бўлгани тасдиқланган ҳолат эмас, тизимни қуришда олди олиниши керак бўлган хавф.