1957 йилда АҚШнинг таниқли герпетолог олимларидан бири Карл Паттерсон Шмидт дунёдаги энг хавфли илонлардан бири – бумланг чаққанидан кейин шифохонага бориш ўрнига ўз аҳволини кундаликка ёзиб борган. Унинг сўнгги қайдлари кейинчалик илмий ва тиббий доираларда заҳар таъсирини тушуниш учун ноёб ҳужжатлардан бири сифатида тилга олинди.

Карл П. Шмидт 40 йилдан ортиқ вақт давомида илонлар ва бошқа судралиб юрувчиларни ўрганган, Чикагодаги Field Museum of Natural History музейида ишлаган ва АҚШдаги энг обрўли герпетологлардан бири ҳисобланган. У 1956 йилда АҚШ Миллий фанлар академиясига ҳам сайланган.

1957 йил 25 сентябрь куни Линкольн парк ҳайвонот боғидан Field Museum лабораториясига ёш бумланг илони юборилади. Шмидт илонни текшириш жараёнида унинг бармоғидан чақилади. Манбаларга кўра, илон ёш бўлгани ва бумланг орқа тишли турга мансуб экани сабабли олим унинг чақиши одам учун ҳалокатли миқдорда заҳар етказа олмаслиги мумкин, деб ўйлаган.

Шмидт шифокорга мурожаат қилмайди. У уйига кетади ва заҳар организмга қандай таъсир қилаётганини соатма-соат ёзиб боради. Кейинчалик матбуот бу қайдларни “ўлим кундалиги” деб атайди. Унда олим совқотиш, кўнгил айниши, ҳарорат кўтарилиши, милк ва бурундан қон кетиши каби аломатларни қайд этган.

Энг таъсирли жиҳати шундаки, Шмидт эртаси куни эрталаб нонушта қилганини ҳам ёзиб қўяди: донли маҳсулот, тухум, тост, олма пюреси ва қаҳва. У қон кетиши давом этаётганини, аммо уни “ҳаддан ташқари эмас” деб таърифлайди. Унинг кундалигидаги сўнгги сўзлардан бири ҳам шу маънодаги “excessively” — “ҳаддан ташқари” деган сўз бўлгани айтилади.

26 сентябрь куни тушдан кейин Шмидтнинг аҳволи кескин ёмонлашади. У қайт қилади, рафиқасига қўнғироқ қилади, аммо ёрдам етиб келганида у ҳушсиз ҳолатда бўлади. Соат 15:00 атрофида унинг вафот этгани қайд этилади. Кейинги тиббий хулосалар бумланг заҳари организмда қон ивиш тизимини издан чиқариб, ички қон кетишларга олиб келишини кўрсатган.

Айрим манбаларда Шмидтга сўнгги соатларда тиббий ёрдамга мурожаат қилиш тавсия қилингани, аммо у “бу аломатларни бузиб қўяди” деган мазмунда жавоб бергани келтирилади. Бу ибора унинг охирги лаҳзаларда ҳам воқеага олим сифатида ёндашганини кўрсатувчи рамзий тафсилот сифатида кўп эсга олинади.

Шмидтнинг илм-фан тарихидаги энг ғайриоддий шахсий кузатувлардан бирига айланди. Унинг қайдлари кейинчалик бумланг заҳари ҳақидаги тадқиқотларда қайта-қайта тилга олинди. 2017 йилдаги илмий мақолада ҳам Шмидтнинг “ўлим қайдлари” бумланг чақиши инсон организмига қандай таъсир қилишини кўрсатувчи ноёб ҳужжат сифатида баҳоланган.

Карл Паттерсон Шмидт фақат шу фожиа билан эмас, балки судралиб юрувчилар ва амфибиялар бўйича улкан илмий мероси билан ҳам ёдда қолган. У ҳаёти давомида юзлаб турларни ўрганган ва тавсифлаган. Аммо унинг сўнгги кундалиги илмга садоқат, инсон хатоси ва ҳаёт билан илм ўртасидаги чегара ҳақида оғир савол қолдирди.

Унинг охирги ёзган сўзларидан бири — “ҳаддан ташқари” эди.

Бу сўз унинг фожиасини ҳам, олим сифатидаги совуққон кузатувчанлигини ҳам бир вақтнинг ўзида ифодалаб қолди.