Элтузарнинг мақоласи чиққандан кейин 300 дан ортиқ изоҳ қолдирилди. Лекин бу изоҳларнинг катта қисми мақоладаги фикрларга жавоб эмас. Улар ҳақорат, шахсий ҳужум ва “ўтганни кавлама” деган чақириқлардан иборат.

Нега одамлар факт ва далил билан эмас, ҳиссиёт ва ҳужум билан жавоб қайтаради? Чунки бу масала оддий сиёсий баҳс эмас. Бу масала хотира, қўрқув ва шахсий тажриба масаласидир.

Кўпчилик “Каримов даври яхши эди” деганда, улар аслида сиёсий тизимни эмас, ўз шахсий ҳаётидаги бир даврни ҳимоя қилаяпти. Ёшлиги, ота-онаси тирик бўлган вақтлар, ҳаёт соддароқ туюлган йиллар. Инсон психологиясида бу ҳолат “ностальгия фильтри” деб аталади. Яъни ўтмиш ёмонликлари эсдан чиқади, яхшиликлари эса идеаллашади.

Яна бир омил – қўрқувнинг мероси. Ислом Каримов даврида одамлар фақат жисмонан эмас, руҳан ҳам чекланди. Одамлар гапирмасликка ўргатилди. Ўз фикрини ичида сақлаш одатга айланди. Бу одат бир кунда йўқолмайди. Шунинг учун ҳам танқидни кўрган одам автоматик равишда ҳимоя позициясига ўтади.

Учинчи омил – давлатга боғлиқлик. Ўша даврда давлат ҳаётнинг деярли барча соҳасини назорат қиларди. Иш, маош, таълим, эркин ҳаракатланиш, матбуот ва ҳатто пахта теримигача. Бундай тизим одамларда “давлат бўлмаса, ҳаёт йўқ” деган фикрни шакллантиради. Натижада, қаттиққўл раҳбар – хавфсизлик рамзига айланади.

Тўртинчи жиҳат – ахборот муҳити. Узоқ йиллар давомида одамлар фақат расмий версияни эшитди. Альтернатив фикрлар бўғилди. Натижада, кўпчилик учун бугун айтиляпган танқидлар “янги”, “шок” ва ҳатто “ҳақорат”дек туюлади.

Шунинг учун ҳам Элтузарга қарши ҳақоратлар кўп. Чунки ундаги фикрлар одамларнинг ишонч тизимига тегиб кетди. Инсон эса ўз ишончини ҳимоя қилиш учун кўпинча мантиқ эмас, эмоцияни танлайди.

Лекин бу ерда бир хатарли нуқта бор. Агар жамият танқидни ҳақорат билан бўғса, демак у ҳали эркин фикрга тайёр эмас. Агар ўтмишни муҳокама қилиш ўрнига “ўлганни гапирма” дейилса, демак, ўша ўтмиш ҳали ҳал қилинмаган.

Иосиф Сталин мисолида кўрганмизки, шахсга сиғиниш танқид қилинмаса, у авлодлар онгида яшаб қолаверади. Бу эса янги хатоларга замин яратади.

Ҳақиқат оғир. У кимнингдир ҳиссиётига тегиши мумкин. Лекин жамият ривожи учун айнан шу оғир ҳақиқат керак.

Хўш, биз ҳақиқатннг кўзига тик қарашга тайёрмизми ёки ўзимизни тинч ҳис қилиш учун афсоналар билан яшашни давом эттирамизми?