КАРИМОВНИНГ ИШОНГАН ИҚТИСОДЧИСИ ВЯЧЕСЛАВ ГОЛИШЕВ ЎЛДИ
Каримов даври иқтисодий сиёсатининг соядаги бош меъмори, унинг ишонган маслаҳатчиси Вячеслав Голишев 76 ёшида вафот этди. Мақолада у яратган давлатчилик, ёпиқ модель ўзбекларни “иқтисодий қамоқ”қа олгани, унинг оқибатлари ҳамон сезилаётгани ёритилади.
Сиз бу одамни танимаслигингиз мумкин. У Мирзиёевга ўхшаб пахта далаларида сув кечмаган ёки Рустам Азимов каби Жаҳон банки ҳайъати билан музокара олиб бормаган. Аммо сиз Каримов даврида арзимаган пенсиясини олиш учун турнақатор навбат турган нафақахўрларни биласиз. Пластикка тушган маошини нақдлаштириш учун 15 фоиз комиссия тўлаганларни ҳам. Ёки долларнинг уч хил курсидан фойда кўрганларни танирсиз. Балки Каримов “дангаса” деб жирканган мигрантлар сафида Россияда муҳожирликнинг қора нонини татиб кўрганлардан биридирсиз.
Сиз танимайдиган Вячеслав Голишев ўзбекни мардикор ва замонавий қулга айлантирган Каримов даври иқтисодиётининг архитекторларидан бўлади.
У 7 апрель куни Тошкентдаги уйида 76 ёшида юртбошининг ёнига кетди.
Голишев мансуб бўлган русларнинг “О мертвых либо хорошо, либо ничего, кроме правды” (“Ўлганлар ҳақида ё яхши гап ёки ҳақиқатдан бошқасини айтмаслик”) деган ибораси бор.
Биз ҳам Каримовнинг соядаги ишонган, бош иқтисодчиси ҳақида фақат ҳақиқатнигина айтамиз.
Голишев расман ҳар доим ҳам биринчи қаторда кўринмаган бўлиши мумкин, аммо қабул қилинган қарорлар мазмуни ва йўналиши унинг таъсир доираси кенг бўлганини кўрсатади.
Узоқ йиллар Каримовнинг ёнида, унинг иқтисодий маслаҳатчиси бўлган ва иқтисодий қарорларнинг қабул қилинишида бош вазир, молия ёки иқтисодиёт вазиридан кўпроқ рол ўйнаган Голишев иқтисодиётни максимал даражада давлат назоратида ушлаб туриш тарафдори эди.
Каримов бот-бот такрорлаган “давлат-бош иқтисодиётчи”, “иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги” сингари аслида принципсиз принципларнинг муаллифи айнан Голишев экани айтилади.
Бу каби ёндашув қисқа муддатда айрим макроиқтисодий кўрсаткичларни барқарор ушлаш имконини берди. Масалан, ташқи қарз нисбатан паст даражада сақланди, давлат бюджетида кескин издан чиқишлар кузатилмади. Бир қарашда бу эҳтиёткор сиёсат сифатида кўриниши мумкин.
Аммо узоқ муддатли оқибатлар бутунлай бошқача бўлди.
Аввало, валюта бозоридаги қаттиқ чекловлар икки хил иқтисодий реалликни шакллантирди. Расмий курс ва норасмий бозор ўртасидаги фарқ бизнес муҳитини издан чиқарди. Бу эса коррупция учун кенг имконият яратди. Валютага “доступ” маъмурий ресурсга боғлиқ бўлиб қолди.
Иккинчидан, импорт ва экспорт устидан кучли назорат рақобатни чеклади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш амалда иқтисодий турғунликка олиб келди, бозор механизмлари ишламади, ресурслар самарасиз тақсимланди.
Оқибатлар аянчли бўлди. International Monetary Fundнинг 2001 йилги тадқиқотига кўра, Ўзбекистондаги валютанинг бир неча курси ЯИМнинг тахминан 16 фоизини экспортчилардан импортчиларга қайта тақсимлаган, шу билан бирга импорт бозорларида ЯИМнинг 2–8 фоизи миқдорида, экспорт бозорларида эса 15 фоизгача иқтисодий йўқотишларни келтириб чиқарган.
Расмий ва қора бозордаги валюта курслари ўртасидаги тафовут ўнлаб фоизларга етган эди. 2017 йилга келиб, Шавкат Мирзиёев валютани эркинлаштириш ислоҳотини амалга оширган пайтда, расмий курс бир доллар учун 4 210 сўмни ташкил этган бўлса, қора бозорда у тахминан 7 650 сўм атрофида эди.
Голишев бош маслаҳатчи бўлган йилларда ҳхусусий сектор ривожланиши секинлашди. Инвестиция муҳити ноаниқ ва хавфли бўлиб қолди. Қоидалар доимий эмас, қарорлар эса кўп ҳолларда марказлашган тарзда қабул қилингани сабабли тадбиркорлик фаолияти чекланди. Амалда ўзбекларнинг қон-қонига сингиб кетган тадбиркорлик руҳи ўлдирилди.
Натижада, иқтисодий ўсиш салоҳияти тўлиқ ишга тушмади. Расмий кўрсаткичлар маълум даражада ижобий бўлиши мумкин, аммо яширин муаммолар – технологик ортда қолиш ва ташқи рақобатга тайёр эмаслик чуқур илдиз отди.
2017 йилдан кейин бошланган ислоҳотлар, айниқса валюта конвертациясининг эркинлаштирилиши, аввалги моделнинг чекловларини яққол намоён қилди. Қисқа вақт ичида бозор механизмлари фаоллашди, ташқи савдо кенгайди ва инвестиция муҳити нисбатан яхшиланди. Бу эса аввалги сиёсатнинг самарадорлиги ҳақида жиддий саволларни кун тартибига олиб чиқди.
Голишев феномени – бу алоҳида шахс тарихи эмас, балки бутун бир даврнинг иқтисодий фалсафасидир. Бу фалсафа қандай натижаларга олиб келгани бугун анча равшан кўриниб турибди.
Журналист Даниил Кислов Голишев яратган моделни “Ўзбекистоннинг иқтисодий турмаси” деб атади.
Бу турмага қайтмаслик учун ҳам яқин тарихдаги иқтисодий қарорларни таҳлил қилиш, уларни қабул қилганларни таниш ва сабоқ чиқариш муҳим.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг