Ислом Каримов номи атрофида шаклланган муносабат оддий сиёсий баҳсдан кўпроқ жамиятнинг хотираси, қўрқуви ва орзулари ўртасидаги мураккаб тўқнашувдир. У ҳақда гап кетганда, бир вақтда ва бир мамлакатда яшаган, лекин турли ҳақиқатларни бошдан кечирган одамлар гапираётгандек туюлади. Бирлари уни тартиб ва барқарорлик рамзи сифатида эслайди, бошқалар эса унинг даврини қўрқув, қатағон ва чекловлар даври деб билади. Бу икки қараш бир-бирига зид эмас, балки бир тизимнинг икки юзидир.

Мустақилликнинг илк йиллари Ўзбекистон учун осон кечмагани маълум. Иқтисодий қийинчиликлар, ишсизлик, хавфсизликка оид хавотирлар одамларни қаттиққўл давлатга эҳтиёж сезишга мажбур қилди. Каримов ана шу эҳтиёжни қондира билди. У марказлашган бошқарув орқали қаттиқ тартиб ўрнатди, давлат институтларини сақлаб қолди ва мамлакатни парокандаликдан асради, деган фикр кўпчиликда бор. Одамлар учун кундалик ҳаётдаги тинчлик, жиноятчиликнинг озайгани, давлатнинг назорати остидаги барқарорлик сезиларли бўлган. Шу сабабли ҳам кўплар ўша даврни “хавфсизлик бор эди” деган содда, лекин кучли ифода билан эслайди.

Бироқ бундай тартибнинг бадали бор эди ва бу бадал жамиятнинг кўп қатламлари учун жуда оғирга тушди. Давлат хавфсизлик аппарати фақат жиноятчиликка қарши эмас, балки мустақил фикрга ҳам тиш-тирноғи билан қарши ишлади. Сиёсий мухолифат тизимли равишда йўқ қилинди, диндорлар қатағон қилинди, фуқаровий жамият шаклланиш имконидан маҳрум этилди. Одамлар сиёсатдан узоқлашди, чунки эркин фикрлаш жиноятга тенг эди. Бу ҳолат сиёсий ҳаётни ҳам, жамиятнинг ўзига ишончини ҳам сундирди.

Қўрқув фақат қамоқ ёки жазо эмас, балки одамларнинг ўзини ўзи чеклаши билан ҳам ишлайди. Айнан мана шу механизм Каримов даврида мустаҳкам илдиз отди.

“Жаслиқ” қамоқхонаси каби муассасалар бу тизимнинг энг кескин ифодасига айланди. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу жойни қийноқлар ва ноинсоний муносабатлар рамзи сифатида тилга олади. Бу ерда гап фақат алоҳида ҳолатлар ҳақида эмас, балки бутун бошли тизим ҳақида боради. Қатағон механизми фақат жазолаш учун эмас, балки бошқаларга огоҳлантириш сифатида ҳам хизмат қилди. Жамиятда “гапирмаслик” маданияти айнан шу шароитда шаклланди.

2005 йилдаги Андижон қирғини эса бу тизимнинг энг фожеавий нуқталаридан бирига айланди. Расмий баёнотлар ва мустақил манбалар ўртасидаги тафовут ҳалигача баҳс мавзуси, лекин бир нарса аниқ: давлат ўз фуқароларига қарши ўт очганди. Бу воқеа қурбонлар сони билан ва жамият онгида қолдирган изи билан муҳим. У одамларга давлат билан муносабат чегарасини кўрсатди – бу чегарадан ўтиш мумкин эмас эди.

Каримов давридаги иқтисодий ва ижтимоий сиёсат ҳам айни қарама-қаршиликларни акс эттиради. Бир томондан, давлат стратегик тармоқларни қаттиқ назорат қилди ва ташқи таъсирлардан ҳимоя қилишга ҳаракат қилди. Бошқа томондан эса, бу сиёсат миллионлаб одамларни меҳнат миграциясига мажбурлади. Пахта терими пайтидаги мажбурий меҳнат амалиёти эса давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабат қанчалик бир томонлама эканини кўрсатди. Давлат талаб қилади, фуқаро эса бажаради – танлов деярли йўқ эди.

Ахборот муҳити ҳам қаттиқ назоратда бўлгани учун жамиятнинг катта қисми муқобил янгиликдан бебаҳра қолди. Телевидение ва расмий манбалар орқали яратилган образ узоқ йиллар давомида деярли ягона ва асл ҳақиқат сифатида қабул қилинди. Бу эса бугунги кундаги баҳсларнинг сабабларидан бири: кимдир ўз кўрганини ҳимоя қилади, кимдир эса эшитмаган ҳақиқатларни айтишга ҳаракат қилади. Шу икки тажриба тўқнашганда, ҳиссиётлар кучайиши табиий.

Каримов шахсини улуғлаш ҳам айнан шу шароитда шаклланган. У давлат рамзига айлантирилди, танқид эса деярли тақиқланди. Бундай шароитда лидерга нисбатан муносабат сиёсий эмас, балки шахсий ишонч ёки ишончсизликка айланади. Шунинг учун ҳам бугун Каримовни танқид қилиш кўпчилик томонидан шахсий ҳужум сифатида қабул қилинади.

Бу ҳолатни тушуниш учун бир муҳим жиҳатни эътибордан қочирмаслик керак. Жамият ўз ўтмиши билан қандай муносабатда бўлишни ҳали тўлиқ ҳал қила олгани йўқ. Қайси жиҳатлар эсда қолиши, қайсилари эса унутилиши кераклиги ҳақида умумий келишув йўқ. Шунинг учун ҳам Каримов даври ҳақидаги баҳслар аслида фақат ўтмиш ҳақида эмас, балки бугунги ва келажакдаги Ўзбекистон қандай бўлиши кераклиги ҳақидадир.

Каримовни фақат “қаттиққўл диктатор” ёки фақат “миллат отаси” сифатида тасвирлаш ҳақиқатни соддалаштиради. Каримов қурган тизим барқарорлик берди, лекин бу барқарорлик эркинликларни чеклаш ҳисобига қурилди. Каримов давлатни сақлаб қолди, лекин жамиятнинг мустақил ривожланиш имкониятларини чеклади.

Шу икки ҳақиқатни бир вақтнинг ўзида тан олиш қийин, лекин айнан шу ерда холис таҳлил бошланади.