КАМБАҒАЛЛИКДАН ЧИҚАРИШНИНГ КУНЛИК РЕЖАСИ ҚАНДАЙ БАЖАРИЛМОҚДА?
Камбағалликни қисқартириш бўйича “кундалик режа”лар амалда қандай бажариляпти? Муаллиф ҳокимликлар томонидан рақам учун қўшиб ёзиш, сохта ҳисоботлар ва одамларни қоғоздагина реестрдан чиқариш амалиётини таҳлил қилади.
Бизда камбағалликни қисқартириш ҳам аста-секин яна эски “план” тизимига ўхшаб бораётгандек.
Фарқи шуки, аввал пахта ва ғалла миқдори қўшиб ёзиларди. Энди эса одам қўшиб ёзиляпти.
Кеча нечта оила камбағалликдан чиқди, бугун нечтаси чиқади, эртага яна қанча чиқарилади?
Тепада бу ишлардан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Бандлик вазирлиги ёки Марказий банк қай даражада хабардор – билмаймиз. Аммо жойларда ҳокимлар бу тадбирни отўйин қилиб юборишди. Рақам учун шундай шошиляптики, гўё йил охиригача камбағалликни тугатмаса, ер ўз ўқидан чиқиб кетадигандек.
Штаблар ишлаяпти. Мажлислар тугамаяпти. Кундузи ҳам, кечаси ҳам, дам олиш куни ҳам.
“Бугун қанча одамни реестрдан чиқардингиз? Планни нега бажармадинг. Эртага фалонча одам камбағалликдан чиқарилмаса, ҳайдаласан!”
Камбағалликни ҳақиқатан қисқартириш бошқа нарса. Одамнинг доимий даромади бўлиши, иши юриши, оиласи ўзини эплаши, кредитга ботиб қолмаслиги керак.
Лекин ҳокимга тез натижа керак бўлса, буларга қараб ўтирмайди.
Ҳокимбува энг осон йўлни танлайди: кимнидир ишли қилиб кўрсатади, кимнингдир номига кредит расмийлаштиради, асбоб-ускуна берилди деб сохта ҳисобот тайёрланади, чорва ажратилди деб, уй ҳайвонлари мушугидан итигача қўшиб юборилади.
Қоғозда ҳаммаси чёткий. Реестрда одам камбағал эмас. Ҳисоботда натижа бор.
Фақат ўша одамнинг ўзи ҳали ҳам пулсиз ўтирибди. Юз фоиз жавоб берамиз!
Энг оғир юк эса, одатдагидек, пастдагиларнинг бўйнига илиняпти. Маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, банкир, фаоллар уйма уй юрибди.
Тепадан “рақам бер” дейилади. Қандай қилиб бериш эса ўзларига ҳавола.
Шунинг учун бу тизим тобора пахта плани даврини эслатяпти. Ўшанда ҳам асосий мақсад рақам эди.
Ҳозир ҳам хавф шу. Камбағалликни камайтириш ўрнига камбағаллар сонини қоғозда камайтириб қўйса бўлди.
Айрим ҳокимлар йил охиригача камбағалликни деярли тугатиш ҳақида гапирганда кўпчилик кулганди.
Энди эса кулгуга ўрин қолмади. Чунки бу ишни чиндан ҳам “уддалашяпти”.
Одамни бой қилиш шарт эмас. Уни камбағаллар рўйхатидан чиқаришнинг ўзи кифоя.
Йил охирига бориб ҳисоботларда камбағал қолмаслиги ҳам мумкин. Фақат ўша камбағалларнинг ўзлари бундан бехабар қолиб кетмаса бўлди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг