Жиззах политехника институтининг «Транспорт воситалари муҳандислиги» кафедрасида бир неча йилдан буён ассистент бўлиб ишлаётган ходим Элтузарга мурожаат қилиб, кафедрада ўқув юкламаси ва дарс соатларини тақсимлашда коррупция аломатлари бўлиши мумкинлиги ҳақида жиддий даъволарни билдирди.

Мурожаат муаллифининг айтишича, ҳар йили дарс соатлари тақсимланадиган вақтда айрим ўқитувчиларга дарс юкламаси бериш масаласи шаффоф мезонлар асосида эмас, балки норасмий тўлов билан боғлиқ ҳолда ҳал қилиниши мумкин.

Фуқаро ўз мурожаатида «Транспорт воситалари муҳандислиги» кафедраси мудири Шерали Сувонқуловни тилга олган.

Унинг даъво қилишича, кафедра мудири айрим ассистентлардан дарс соати ажратиш эвазига бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул талаб қилади.

«Ким бир ойлик иш ҳақини берса, дарс соати бор, бермаса – дарс соати йўқ. Шу сабаб ассистент лавозимида ишлаётганларга дарс берилмаяпти», – дейди мурожаат муаллифи.

Элтузар мазкур даъвони ҳозирча мустақил равишда тасдиқлаган эмас.

Мурожаат муаллифи бу каби ҳолатлар бир марта эмас, ҳар йили дарс тақсимоти пайтида такрорланишини даъво қилмоқда.

У ёш ўқитувчиларга ишлаш ва тажриба орттириш имконияти берилиши ўрнига, дарс юкламаси масаласи норасмий муносабатларга боғлаб қўйилаётган бўлиши мумкинлигидан норози.

Мурожаатчи институт раҳбарияти ва ваколатли органлар ушбу ҳолатни холис ўрганиб, кафедрада охирги йилларда дарс соатлари қандай тақсимланганини текширишини сўрамоқда.