ИСРОИЛ ТИВ: ДУНЁДА АНТИСЕМИТИЗМ ТЎХТАГАНИ ЙЎҚ
Исроил ТИВ дунёда антисемитизм ҳодисалари қисқармаётганини маълум қилди. Ҳисоботда хориждаги яҳудий жамоаларига нисбатан зўравонлик, ксенофобия ва нафрат куйи каби ҳолатлар хавфли даражада экани таъкидланади.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги дунёда антисемитизм ҳолатлари камаймаётганидан хавотир билдирди.
Вазирликнинг янги ҳисоботида хориждаги исроилликлар ва яҳудий жамоалари хавфсизлиги билан боғлиқ вазият жиддий экани таъкидланган.
Баёнотда айтилишича, турли мамлакатларда кузатилаётган зўравонлик ҳолатлари одамларга фақат яҳудий миллатига мансублиги учун қаратилмоқда.
Исроил халқаро ҳамжамиятни кескинлик ортиб бораётган шароитда фуқароларнинг ҳуқуқи ва ҳаётини ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратишга чақирди.
Антисемитизм бу яҳудий халқига нисбатан нафрат, камситиш ёки душманлик муносабатидир. Бу ҳодиса инсоният тарихида асрлар давомида турли шаклларда намоён бўлган. XX асрдаги Холокост фожиаси эса унинг энг даҳшатли кўринишларидан бири сифатида тарихда қолган.
Бироқ мутахассислар фикрича, бу муаммо тарихда қолиб кетмади. Айниқса, Яқин Шарқдаги зиддиятлар кучайган пайтларда дунё бўйлаб яҳудийларга қарши кайфият ҳам авж олади. Исроил ва Фаластин ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар ортидан Европа, Америка ва бошқа ҳудудларда синагогаларга ҳужумлар, таҳдидлар ва нафрат шиорлари кўпайгани кузатилмоқда.
Таҳлилчиларнинг айтишича, бугунги кунда антисемитизмнинг тез тарқалишига ижтимоий тармоқлар ҳам таъсир қилмоқда. Интернет орқали сохта маълумотлар, фитна назариялари ва миллатлараро нафратни қўзғатувчи материаллар қисқа вақт ичида миллионлаб одамларга етиб бормоқда.
Ғазодаги уруш, тинч аҳоли ўлими, вайронагарчилик ва Исроил ҳукуматининг ҳаракатларига нисбатан ғазаб дунёда кескин кайфиятни кучайтирди.
Human Rights Watch Исроилнинг Ғазодаги айрим ҳаракатларини “қириб ташлаш жинояти” ва “геноцид актлари” деб баҳолаган, БМТ комиссияси ҳам 2025 йилда Исроил Ғазода геноцид содир этгани ҳақида хулоса берган.
Лекин бу ерда муҳим фарқ бор: Исроил давлатини, Нетаньяҳу ҳукуматини ёки ҳарбий амалиётларни танқид қилиш антисемитизм эмас. Бу сиёсий ва инсонпарварлик нуқтаи назаридан қонуний позиция бўлиши мумкин.
Антисемитизм эса бошқа нарса: яҳудий одамларни, синагогаларни, мактабларни ёки жамоаларни Исроил ҳукумати сиёсати учун “жавобгар” қилиб кўриш. Масалан, Европада 2023 йил 7 октябрдан кейин антисемитик ҳодисалар кескин ошгани қайд этилган. АҚШда 2025 йилда умумий ҳодисалар камайган бўлса-да, яҳудийларга қарши жисмоний ҳужумлар рекорд даражага чиққан.
Ғазодаги қатлиом ва гуманитар фожиа анти-Исроил кайфиятини кучайтирди, бу кайфият айрим жойларда антисемитизмга айланиб кетмоқда. Аммо бу антисемитизмни оқламайди. Давлат сиёсати учун бутун бир халқни айблаш ҳам адолатсиз, ҳам хавфли.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг