ИҚТИСОДИЙ ЎСИШ: ҚОРА ҚОЗОН НЕГА ОҚАРМАЯПТИ?
ХВЖ ва ОТБ прогнозларига кўра, Ўзбекистон ЯИМи йилига 6–7 фоиз атрофида ўсмоқда. Аммо инфляция, нотекис даромад тақсимоти ва меҳнат миграцияси шароитида бу ўсиш аҳолининг кундалик турмушига тўла акс этмаётгани таҳлил қилинади.
Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда 2026-2027 йилларда кутилаётган иқтисодий ўсишга доир прогнозларини янгилади. Уларга кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми жорий йилда 6,8 (ХВЖ) ва 6,7 фоизлик (ОТБ) ўсиш суръатларини сақлаб қолади.
Ўзбекистон иқтисодиётида охирги йилларда барқарор ўсиш кузатилмоқда: расмий маълумотларга кўра, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳар йили ўртача 6–7 фоизга ошмоқда.
Бу рақамлар биринчи қарашда ижобий манзарани кўрсатади. Аммо аҳолининг катта қисми бу ўсишни ўз ҳаётида сезмаяпти. Нега иқтисодий ўсиш реал даромадларга айланмаяпти?
Аввало, ўсишнинг табиатига эътибор қаратиш керак. Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш асосан капиталга боғлиқ соҳалар ҳисобига таъминланмоқда – қурилиш, инфратузилма, йирик давлат лойиҳалари. Бу соҳалар ЯИМни “қоғозда” тез оширади, лекин уларда яратилаётган қиймат кенг аҳоли қатламларига тенг тақсимланмайди. Масалан, йирик йўл ёки завод қурилиши иқтисодий ўсишга ҳисса қўшади, аммо ундан келадиган даромад чекланган гуруҳларда жамланади.
Марказий банк инфляцияга қарши курашни ўзининг устивор вазифаси деб эълон қилганига қарамасдан (айрим маҳаллий иқтисодчилар буни тўғри деб ҳисоблашмайди) миллий валюта қадрсизланиши расмий ўсишни “еб қўймоқда”. ЯИМ 6–7 фоизга ўсса, нархлар ҳам шунга яқин ёки ундан юқори суръатда ошса, аҳолининг харид қобилияти ўзгармаслиги ёки ҳатто пасайиши мумкин. Овқат, коммунал хизматлар, айниқса, электр ва газ тарифлари ва уй-жой каби асосий харажатлар қимматлашган шароитда одамлар ўзларини бойигандай ҳис қилмайди.
Бундан ташқари, юз минглаб ўзбекистонликлар Каримов даврида қандай хорижга иш излаб кетган бўлса, ҳануз мавсумий ишларга кетишда давом этмоқда. Фарқи – давлат энди меҳнат миграциясини чекловчи эмас, балки унга кўмаклашувчи.
Лекин кўпчиликнинг қора қозонини қайнатаётган четдан келаётган пуллар барқарор эмас. Шунингдек, мигрантлар ишлаётган давлатлар валюталаридаги тебранишлар ва импортга қарам Ўзбекистон сўмининг қадосизланиши ҳам аҳоли даромадларига босим ўтказади.
Иқтисодий ўсиш янги иш ўринларини етарлича яратмаяпти ёки яратилган иш ўринлари паст маошли. Норасмий секторнинг улуши юқори бўлиб қолаётгани ҳам катта муаммо: кўпчилик расмий статистикада акс этмаган даромадлар билан яшайди, бу эса ижтимоий ҳимоя ва барқарор даромад имкониятларини чеклайди.
Яна бир омил – бу даромадлар тақсимотидаги номутаносиблик. Иқтисодий ўсишдан келадиган фойданинг катта қисми давлатга яқин компаниялар ёки монопол тузилмалар қўлида тўпланмоқда. Бу ҳолатда иқтисодий ўсишнинг мевасидан фақат тор доиралар баҳраманд бўлади, холос.
Хўш, нима қилиш керак?
Иқтисодиёт фақат рақамларда эмас, балки аҳолининг кундалик ҳаётида ҳам акс этиши учун кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, рақобатни ошириш, монополияларни чеклаш зарур. Меҳнат унумдорлигини ошириш ва юқори қўшилган қийматли иш ўринларини яратиш ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, инфляцияни назорат қилиш ва реал даромадларни ҳимоя қилиш сиёсати кучайтирилиши керак. Солиқ тизими ва ижтимоий сиёсат орқали даромадларни қайта тақсимлаш механизмлари ҳам муҳим.
Аслида, 6–7 фоизлик ўсиш ёмон эмас. Аммо бу ўсиш “ким учун ва қандай” деган саволга жавоб бермас экан, у рақам сифатида қолаверади. Иқтисодий ўсишни ҳақиқий фаровонликка айлантириш, бу – энди статистика эмас, сиёсий ва институционал қарорлар масаласидир.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг