IMARAT МОЖАРОСИ: БЛОГЕР РЕКЛАМАСИ УЧУН ЖАВОБ БЕРАДИМИ?
Imarat атрофидаги можаро Ўзбекистонда блогерлар, журналистлар ва жамоат фаолларининг рекламадаги масъулияти, жамоатчилик ишончи тижорий манфаатга айланганда ким жавобгар бўлиши кераклиги ҳақида ўткир саволларни кўндаланг қўяди.
Жамоатчилик ишончини қозонган инсоннинг тавсияси қанча туради? Унинг рекламасига ишониб уй сотиб олган фуқаро зарар кўрса, бу ишонч учун ким жавоб беради?
Imarat атрофидаги баҳслар Ўзбекистонда ҳали етарлича муҳокама қилинмаган бир муаммони очиб бермоқда: блогерлар, журналистлар ва жамоат фаолларининг тижорий рекламадаги масъулияти.
Бу масаланинг марказида реклама учун қанча пул олингани ҳақидаги саволдан ҳам муҳимроқ муаммо турибди. Жамоатчилик ишончи тижорий манфаатга айлантирилганда, унинг оқибатлари учун қандай жавобгарлик юзага келади?
Бугун Ўзбекистонда таниқли блогер ёки жамоат фаолининг бир оғиз тавсияси миллионлаб сўмлик реклама кампаниясидан ҳам кучлироқ таъсир кўрсатиши мумкин.
Коррупцияга қарши кураш, адолат ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мавзуларида танилган шахснинг сўзи аудитория томонидан оддий тижорий ахборот сифатида қабул қилинмайди. Унинг обрўси реклама қилинаётган компанияга ҳам кўчади.
Айнан шу ерда манфаатлар тўқнашуви хавфи бор. Жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилиб келган шахс муайян компаниянинг тижорий манфаатларини ҳам тарғиб қила бошласа, аудитория унинг қайси мақомда гапираётганини билиши керак. У мустақил кузатувчими, холис тавсия берувчими ёки ҳақ эвазига хизмат кўрсатаётган реклама иштирокчисими?
Бу фарқ айниқса кўчмас мулк бозорида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Квартира харид қилиш осон ишмас. Инсон бунинг учун ўн йиллаб жамғарган маблағини сарфлайди, қарзга киради, айрим ҳолларда мавжуд мулкини сотади. Демак, қурилиш компаниясини реклама қилишдаги эҳтиётсизликнинг эҳтимолий ижтимоий баҳоси ниҳоятда юқори.
Блогернинг рекламаси бир неча дақиқа давом этиши мумкин. Унга ишонган оиланинг молиявий мажбурияти эса ўнлаб йилларга чўзилади.
Imarat мисолида бу масала назарий баҳсдан амалий муаммога айланади. Компаниянинг очиқ Telegram саҳифасида Расул Кушербаев қурилиш объектида техник назорат қилиши, мижозлар мурожаатларини қабул қилишда иштирок этиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқатилган. Шунингдек, унинг лойиҳа ҳақида фикр билдиргани қайд этилган.
Жамоатчиликка танилган шахс қурилиш компанияси фаолияти ҳақида ижобий фикр билдирганда, аудитория унинг сўзларини қай даражада мустақил текширув натижаси деб қабул қилади?
Компания томонидан тарқатилган ижобий хабарнинг ўзи ҳақиқий техник назорат ўтказилганини исботламайди. Бунинг учун текширув далолатномалари, аниқланган камчиликлар, берилган тавсиялар ва уларнинг ижроси ҳақида маълумотлар керак. Акс ҳолда жамоатчилик назорати ҳақидаги тасаввур тижорий реклама таъсирида шаклланиши мумкин.
Жаҳонгир Тўлагановнинг бу лойиҳадаги иштироки ҳақида ҳам худди шу мезон қўлланиши лозим. Унинг қандай материаллар тайёрлагани, улар реклама ёки мустақил журналистик фаолият маҳсули бўлгани, компания билан молиявий муносабатлар мавжудлиги ҳужжатлар асосида аниқлансин.
Ижтимоий тармоқларда реклама ва мустақил журналистик хулоса ўртасидаги чегара ҳар доим ҳам аудитория учун аниқ кўринмайди. Журналист ёки жамоат фаолининг обрўси маҳсулот сифатига берилган кафолат сифатида талқин қилиниши мумкин. Компания бундай ишончдан ўз маркетингида фойдаланади.
Тижорий манфаат билан жамоатчилик ишончи ўртасида номутаносиб муносабат пайдо бўлади: реклама иштирокчиси ўз хизмат ҳақини олдиндан олиши мумкин, харидор эса лойиҳанинг ҳақиқий натижасини ойлар ёки йиллар ўтиб кўради. Агар ваъдалар бажарилмаса, молиявий хавф асосан харидор зиммасида қолади.
Ўзбекистоннинг «Реклама тўғрисида»ги қонуни реклама берувчи, тайёрловчи ва тарқатувчининг жавобгарлигини уларнинг вазифаларига қараб ажратади. Шунингдек, истеъмолчини чалғитувчи нотўғри реклама тушунчасини белгилайди.
Аммо қонун билан белгиланган жавобгарликдан ташқари, жамоатчилик олдидаги касбий ва ахлоқий масъулият ҳам мавжуд. Бу масъулият рекламадаги маълумотлар кейинчалик шубҳа остига олинганда янада долзарблашади.
Шу нуқтаи назардан, Акмал Мирзонинг мурожаати атрофидаги муҳокамалар ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Унинг баёнотида айнан қандай ҳолатлар тан олингани тўлиқ текширилиши зарур. Бироқ ўзининг аввалги рекламаси юзасидан очиқ тушунтириш бериш амалиётининг ўзи жамоатчилик билан ҳисобдор муносабат ўрнатишнинг муҳим воситасидир
Ҳозир реклама натижасида юзага келган ишончнинг иқтисодий қиймати бор, аммо бу ишончнинг кейинги тақдири устидан жамоатчилик назорати ҳали етарлича шаклланмаган.
Шу сабабли йирик молиявий қарорларга таъсир кўрсатадиган рекламада тижорий ҳамкорлик шартларини очиқ кўрсатиш, тавсиянинг қандай текширувларга асосланганини тушунтириш ва кейинчалик муҳим ҳолатлар ўзгарса, аудиторияни хабардор қилиш амалиёти зарур. Обрў реклама учун ишлайди, реклама савдони кўпайтиради, аммо муаммо пайдо бўлганда ҳар бир иштирокчи ўзини жараёндан четга олиш имкониятига эга бўлади. Буни кўриб шоҳиди бўляпмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг