ЎЗБЕКИСТОНДА ИЧКИ ИШЛАР ТЕЛЕФОНЛАРГА «ҚЎРИҚЧИ» ЎРНАТЯПТИ
ИИВ томонидан оммавий ўрнатилаётган «APK Қўриқчи» иловаси атрофида хавфсизлик, шахсий ҳаёт дахлсизлиги ва кимнинг жавобгарлиги ҳақидаги саволларни урчитмоқда. Киберҳимояга қаратилган дастур фуқаролар учун қанчалик шаффоф?
Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари фуқаролар телефонларига «APK Қўриқчи» иловасини оммавий ўрнатаётгани фонида дастурнинг хавфсизлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳақида саволлар кўпаймоқда. Расмийлар бу илова зарарли APK файлларни аниқлаб, банк карталаридан пул ўғирланишининг олдини олишга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Элтузарга келган мурожаатда айтилишича, маҳалла профилактика инспектори бир меҳмондорчиликда «Қўриқчи»ни ўрнатмасликни маслаҳат берган. Мурожаат муаллифи унинг сўзларини келтириб, илова телефон камераси ва микрофони орқали одамларни кузатишга мўлжалланганини даъво қилмоқда. Шунингдек, милиция ходимлари бир неча кундан бери кўчада учраган фуқароларга дастурни ўрнатиб бераётгани айтилган. Бироқ инспекторнинг шахси, суҳбат санаси ва жойи маълум эмас, бу даъвони тасдиқловчи техник далил ҳам тақдим этилмаган.
Илованинг оммавий тарқатилаётгани эса расмий маълумотларда акс этган. Хоразм вилояти Янгибозор туманида 7,5 мингдан ортиқ фуқаронинг телефонига дастур ўрнатилгани хабар қилинган. Google Play саҳифасида унинг беш миллиондан ортиқ юклаб олингани кўрсатилмоқда. Бу рақам шунча одам дастурдан доимий фойдаланяпти дегани эмас.
Эътиборлиси, «Қўриқчи» телефон хотирасидаги файлларни текшириш учун кенг рухсатлар, шунингдек, экрандаги айрим элементларни ўқиш ва бошқариш имконини берувчи Accessibility хизматидан фойдаланиши мумкин. Ишлаб чиқувчилар бу ваколатлар зарарли иловаларни аниқлаш ва уларнинг ўрнатилишини тўхтатиш учун зарурлигини билдирган. Аммо киберхавфсизлик мутахассислари бундай кенг рухсатлар мустақил аудитдан ўтказилиши кераклигини таъкидламоқда.
Яна бир савол дастур учун масъул ташкилотга тегишли. Google Play’да нашр этувчи сифатида Ўзбекистон ИИВ номи кўрсатилган, бироқ ишлаб чиқувчи алоқа маълумотларида хусусий дастурчи Islom Baxtiyorov исми ҳам келтирилган. Бу ўз-ўзидан қонунбузарлик эмас, лекин миллионлаб қурилмаларга кириш имкониятига эга дастурнинг янгиланишлари, хавфсизлик камчиликлари ва маълумотлар билан ишлаш тартиби учун ким жавобгарлиги тушунтирилиши зарур.
Муҳим жиҳат: Accessibility рухсатининг ўзи камерани ёқиш ёки микрофондан овоз ёзиш имконини автоматик бермайди. «Қўриқчи» барча фуқароларни яширин эшитаётгани ёки видеога олаётганига ҳозирча ишончли далил йўқ.
Яна бир масала – розилик. Тошкентнинг Миробод тумани ҳокимлиги дастурни ўрнатиш ихтиёрий эканини маълум қилган. Аммо фуқарога формадаги ходим телефонни узатишни сўраганда, у буни рад эта оладими? Ўрнатиш бўйича ходимларга режа белгиланганми? Иловани ким назорат қилади ва маълумотлар қаерга узатилади?
Ўзбекистон Конституцияси шахсий ҳаёт ва электрон ёзишмалар дахлсизлигини кафолатлайди. Иловадан фойдаланишга берилган розилик унинг барча ҳаракатларига чексиз рухсат дегани эмас. Фуқаролар қандай маълумотлар йиғилиши, улар қанча вақт сақланиши ва учинчи томонларга берилиши мумкинми, деган саволларга тушунарли жавоб олиши лозим.
Киберфирибгарликдан ҳимоя муҳим. Бироқ ҳимоя воситаси фуқаронинг шахсий маълумотлари устидан назоратни оширмаслиги, унинг розилиги эса эркин ва хабардор ҳолда берилиши керак. Элтузар мазкур саволлар юзасидан ИИВнинг очиқ жавобини кутмоқда.
Акс ҳолда кибержиноятчиликка қарши кураш учун ишлаб чиқилган воситага нисбатан ишонч сусаяди, қонуний ҳимоя ташаббуси эса жамоатчиликда янги шубҳалар уйғотиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг