Душанба, яъни 2026 йилнинг 27 апрель куни Швейцарияда Гулнора Каримова иши бўйича суд жараёни бошланиши Ўзбекистон сиёсий элитасидаги эски ва ҳануз жавобсиз қолган саволларни яна кун тартибига олиб чиқмоқда.

Бу иш фақат Каримованинг коррупция, пул ювиш ва жиноий тузилмада иштирок этишда айбланиши билан чекланиб қолмайди. Унинг ортида Ўзбекистон телеком бозорида қарорлар ким томонидан қабул қилингани, лицензиялар қандай берилгани ва катта пул оқимлари қандай ҳимоя қилингани ҳақидаги оғир саволлар турибди.

Шу нуқтада Ўзбекистоннинг амалдаги бош вазири Абдулла Ариповнинг номи яна тилларга тушмоқда. Чунки Каримова адвокатлари илгари сурган асосий аргументлардан бири шундан иборат эдики, Гулнора Каримова ўша пайтда телекоммуникация соҳаси учун масъул давлат амалдори бўлмаган, балки расман тадбиркор сифатида кўрилган.

Британиядаги Ulster университети профессори Кристиан Ласлетт уч йил муқаддам Озодликка берган интервьюсида айнан шу жиҳатга урғу бериб, телеком соҳаси учун ўша даврда Каримова эмас, балки Абдулла Арипов масъул бўлгани ҳақидаги аргумент суд жараёнларида кўтарилганини айтган эди.

Ариповнинг 2012 йил августида бош вазир ўринбосари лавозимидан кетказилиши ҳам тасодифий кўринмайди. Бу давр Ўзбекистон телеком бозоридаги коррупция можароси ва Гулнора Каримовага қарши халқаро терговлар бошланган паллага тўғри келган.

Ўша йилнинг кузида Ариповга қарши жиноят иши қўзғатилгани, у “Ўздунробита”га қўшимча ретрансляторлар ўрнатиш учун ноқонуний лицензия беришда айблангани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ бу иш қандай якун топгани ҳеч қачон расман очиқланмаган. Норасмий маълумотларга кўра, иш 2013 йилда тўхтатилган.

Энг жиддий савол ҳам шу ерда пайдо бўлади: агар Ариповга нисбатан бундай оғир гумонлар бўлган бўлса, нега жамоатчиликка ҳуқуқий хулоса тақдим этилмади? Агар Абдулла Арипов айбсиз бўлган бўлса, нега бу расман ва очиқ айтилмади? Агар иш ёпилган бўлса, қандай асос билан ёпилгани ҳақида маълумот жамоатчиликка маълум қилинмади? Бу саволлар ҳануз жавобсиз.

2013 йилда Бош вазир ўринбосарлигидан уч йил давомида оддий ўқитувчи бўлиб юрган Абдулла Арипов, Ислом Каримов вафот этишидан кўп ўтмай яна сиёсий саҳнага қайтди ва қисқа вақт ичида бош вазир лавозимигача кўтарилди.

Аммо унинг телеком можароси давридаги роли, Каримова адвокатлари томонидан илгари сурилган иддаолар ва Ўзбекистон расмийларининг бу масалада сукут сақлаши ҳалигача сиёсий ишонч нуқтаи назаридан оғир юк бўлиб турибди.

Швейцариядаги суд жараёни Каримова ишинигина эмас, балки ўша даврдаги бутун қарор қабул қилиш тизимини ҳам қайта ёритиши мумкин. Агар судда телеком лицензиялари, банклар орқали ўтган маблағлар ва давлат амалдорларининг ролига оид янги маълумотлар очилса, Абдулла Арипов номи янада жиддий контекстда тилга олиниши эҳтимолдан холи эмас.

Ҳозирча Каримова иши халқаро судгача етиб келди дея оламиз. Швейцария банклари ҳам жавобгарлик доирасига киритилган, лекин Ўзбекистонда ўша даврда телеком соҳасига масъул бўлган юқори лавозимли амалдорлар бўйича жамоатчиликка аниқ ва ишончли изоҳ берилгани йўқ.

Шунинг учун Швейцарияда суд бошланар экан, табиий савол туғилади: бу жараён фақат Гулнора Каримовани эмас, Абдулла Арипов атрофидаги эски сояларни ҳам очиб ташлайдими?