«ҚОЗОНГА ЯҚИН ЮРСАНГ – ҚОРАСИ ЮҚАР»
Элтузар таҳлилчиси Ғарбнинг терроризмга қарши урушларига қанча ресурс сарфлагани, шу йўлда классик давлатлар ўртасидаги ҳарбий рақобатга тайёргарликни қандай орқа планга суриб қўйгани ва бунинг Россия, Хитой ва Эрон масалаларида қандай хавфлар туғдираётганини муҳокама қилади.
Ўзбекда «Қозонга яқин юрсанг – қораси юқар» деган гап бор. Инглизларда эса шунга яқин маънодаги «Қатронга қўл урганнинг қўли қораяди» деган мақол ишлатилади.
Сун Цзидан Чингизхонгача, Самарқандлик Амир Темурдан Карл фон Клаузевицгача бўлган буюк ҳарбий стратеглар турли даврларда бир муҳим ҳақиқатга урғу берган: душман билан узоқ вақт унинг қоидалари асосида курашсангиз, аста-секин ўзингиз ҳам унинг даражасига тушиб қолишингиз мумкин.
Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг АҚШ бошчилигидаги Ғарб исломий терроризмни асосий хавф сифатида белгилади. Кейинги қарийб йигирма йил давомида халқаро сиёсат, ҳарбий стратегия ва хавфсизлик соҳасидаги қарорларнинг катта қисми айнан шу таҳдид атрофида шаклланди.
Аммо масаланинг парадоксал томони ҳам бор.
Элтузар таҳлилчиси фикрикўра, Ғарб нодавлат террор тармоқларига қарши курашга шу қадар кўп ресурс ва эътибор сарфладики, натижада унинг ўзи ҳам глобал давлатлар ўртасидаги стратегик рақобатга тайёргарликни иккинчи ўринга суриб қўйди.
2010 йилларга келиб АҚШ Марказий разведка бошқармаси – CIA ва Британиянинг SIS/MI6 тизимидаги айрим таҳлилчилар терроризм каби нодавлат кучларга ҳаддан ташқари катта аҳамият бериш Ғарбнинг глобал ва стратегик мавқеига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақида хулосага кела бошлагани иддао қилинади.
2018 йилга бориб эса АҚШ ва Британия миллий хавфсизлик стратегияларида давлатлар ўртасидаги рақобат яна асосий таҳдидлардан бири сифатида олдинги ўринга чиқди.
Бу ўзгариш тасодифий эмасди.
2001 йилдан кейин CIA ва MI6 АҚШ ҳамда Британиянинг ташқи сиёсат ва хавфсизликка оид қарорларида мисли кўрилмаган даражада катта роль ўйнай бошлади. Афғонистон, Ироқ ва Яқин Шарқдаги операцияларда разведка хизматлари фақат маълумот етказиб берувчи идора эмас, балки амалиётларни режалаштириш ва бошқаришда ҳам марказий кучлардан бирига айланди.
Айрим ҳолатларда эса вазият деярли тескари кўриниш олди: разведка ҳарбийларга хизмат қилиш ўрнига, ҳарбийлар разведка стратегиясига хизмат қила бошлади.
Бу урушларнинг асосий душмани мунтазам давлат армиялари эмас, балки террор ташкилотлари, қуролли гуруҳлар ва ярим давлат тузилмалари эди. Натижада АҚШ ва Британия армиялари йигирма йил давомида айнан шундай рақибларга қарши операцияларга мослашди.
Аммо бу тажриба Россия ёки Хитой сингари катта давлатларнинг мунтазам армиялари билан эҳтимолий тўқнашувга қанчалик мос келади?
Британия юқори мартабали ҳарбийлари фикрига кўра, Британия армияси бугун Украина уруши орқали катта жанговар тажриба тўплаган Россия армияси каби рақибга қарши кенг кўламли уруш олиб боришга етарли даражада тайёр эмас.
CIA ва MI6нинг АҚШ ва Британия хавфсизлигини таъминлашдаги улкан ролини инкор этиб бўлмайди. Аммо разведка хизматлари армиянинг ўрнини босиши керакми?
Элтузар таҳлилчиси фикрича, сўнгги ўн йилликларда маблағ, технология ва сиёсий эътиборнинг жуда катта қисми махсус хизматларга йўналтирилди. Армия эса бюджет тежамкорлиги, қисқаришлар ва айрим соҳаларда эскирган технологиялар билан қолиб кетди.
Бошқача айтганда, Ғарб террорчиларга қарши жуда яхши курашишни ўрганди, аммо шу жараёнда яна катта давлатлар билан классик ҳарбий рақобат даври қайтиши мумкинлигини етарлича ҳисобга олмади.
Энди эса бу баҳсга Эрон масаласи ҳам қўшилди.
АҚШ Миллий разведка директори офиси – ODNI хулосаларига таянсак, Эрон ва унинг ядровий дастури АҚШга бевосита ва муқаррар таҳдид сифатида баҳоланмаган.
Муаллифнинг талқинича, Эронга қарши ҳарбий ҳаракатни кенгайтириш қарорларида Дональд Трампнинг шахсий сиёсати, Исроил позицияси ва Вашингтондаги кучли лобби гуруҳларининг босими катта роль ўйнаган.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, масала фақат Эрон ҳақида эмас.
Савол анча катта: Дунё миқёсида рақобат қиладиган супердержава ҳар бир минтақавий можарога тобора чуқурроқ кириб борса, охир-оқибат ўзининг глобал устунлигини йўқотмайдими?
Элтузар таҳлилчиси, Трамп давридаги Эрон билан қарама-қаршилик АҚШни глобал супердержава сифатида ҳаракат қилишдан кўра, Яқин Шарқдаги навбатдаги минтақавий ўйинчи каби ҳаракат қилишга мажбур қилаётганини таъкидлайди.
Агар урушни қандай бошлашни билиб, аммо уни қандай тугатишни билмасангиз, ҳарбий устунликнинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин.
Энг қадимий стратегик огоҳлантириш эса ҳамон ўз кучида:
Душманингиз билан жанг қилаётганда, уни енгиш учун унга ўхшаб қолишдан эҳтиёт бўлинг.
Чунки халқ тили билан айтганда: қозонга яқин юрсанг – қораси юқади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг