ФАРҒОНА ЧИҚИНДИЛАР БОШҚАРМАСИДА 400 МИЛЛИОН СЎМЛИК МОЖАРО
Фарғона вилояти Чиқиндиларни бошқариш бошқармаси атрофида 400 миллион сўмдан ортиқ миқдорда мажбурий йиғимлар ундирилгани ҳақида иддаолар пайдо бўлди. Маблағлар фасад таъмири, раҳбар хонаси ва «дастурхон» учун йиғилгани айтилмоқда.
Фарғона вилояти Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш бошқармасида йиллар давомида турли баҳоналар билан катта миқдорда пул йиғилгани ҳақида Элтузарга жиддий иддаолар сиздирилди.
Таҳририятга келиб тушган маълумотларга кўра, бошқарма биносининг ташқи фасадини таъмирлаш, шунингдек, бошқарма раҳбари Бузруковнинг хизмат кабинетидаги ётоқ қисмини таъмирлаш учун вилоятдаги санитар тозалаш корхоналари раҳбарларидан маблағ йиғилган.
Бундан ташқари, бошқарма ходимларининг шахсий пластик карталарига йиллар давомида турли баҳоналар билан пул ўтказилгани ҳақида маълумотлар бор. Хусусан, «ҳар ой вилоят ҳокимлигига дастурхон ёзиш керак» деган важ билан ҳам маблағ талаб қилинади. Манбаларга кўра, шу каби йиғимларнинг умумий миқдори 400 миллион сўмдан ошган.
Давлат ташкилоти раҳбарининг хизмат хонасидаги ётоқ қисмини таъмирлаш харажатлари нима учун санитар тозалаш корхоналари раҳбарлари ҳисобидан қопланиши керак? Вилоят ҳокимлиги номидан дастурхон учун пул йиғишга ким кўрсатма берган? Ходимларнинг шахсий банк карталарига ўтказилган маблағлар қаерга сарфланган?
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу ҳолатни ўрганиб, пул ўтказмаларини қонуний тартибда текшириши, маблағларнинг манбаси ва сарфланиш мақсадларини аниқлаши ҳамда эҳтимолий мажбурий йиғимларга ҳуқуқий баҳо бериши лозим. Шунингдек, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва бошқарма раҳбариятидан ушбу ҳолатлар юзасидан расмий муносабат кутамиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг