Эрон пайшанба куни АҚШ ўз ҳужумларини қайта бошласа, минтақадаги Америка позицияларига “узоқ ва оғриқли зарбалар” берилишини маълум қилди. Теҳрон, шунингдек, Ҳурмуз бўғози устидан ўз даъвосини яна бир бор таъкидлади.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланганига икки ой тўлди. Шундан буён дунё нефть ва газ таъминотининг тўртдан бир қисми ўтадиган Ҳурмуз бўғози ёпиқ қолмоқда. Бу ҳолат энергия нархларининг кескин ошишига ва жаҳон иқтисодиётида пасайиш хавфининг кучайишига сабаб бўлди.

АҚШ расмийси Reuters агентлигига билдиришича, президент Дональд Трамп пайшанба куни Эронни музокараларга мажбурлаш мақсадида янги ҳарбий зарбалар режаси бўйича ҳисоботлар олиши керак эди. Бу хабарлардан сўнг Brent нефти нархи бир муддат 126 доллардан ошган, кейин эса 114 долларга тушган.

Эрон Инқилоб посбонлари корпуси расмийларидан бири АҚШнинг ҳатто чекланган ҳужуми ҳам минтақадаги Америка базаларига қарши узоқ давом этадиган зарбаларга сабаб бўлишини айтди. Эрон Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий эса бўғоз “янги бошқарув” остида қолишини билдириб, хорижий кучларга кескин огоҳлантириш йўллади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ҳурмуз бўғозидаги узилиш узоқ давом этса, жаҳон иқтисодий ўсиши пасайиши, инфляция ошиши ва миллионлаб одамлар қашшоқлик ҳамда очлик хавфига дуч келиши мумкинлигини айтди.

Айни пайтда БАА ўз фуқароларига Эрон, Ливан ва Ироққа сафар қилишни тақиқлади ҳамда ушбу мамлакатларда бўлганлардан зудлик билан ватанига қайтишни сўради.

Вашингтон эса бўғозни қайта очиш учун халқаро денгиз коалициясини тузиш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Франция, Британия ва бошқа давлатлар бу борада музокаралар ўтказган, аммо улар можаро тугаганидан кейингина Ҳурмуз бўғозини очишга ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.

Покистон эса АҚШ ва Эрон ўртасида эҳтимолий келишув бўйича хабар алмашинуви давом этаётган бир пайтда кескинликнинг янада кучайишини олдини олишга уринаётгани айтилмоқда.