18 апрель куни Эрон Ҳурмуз бўғози устидан ҳарбий назоратни кучайтирганини маълум қилди ва денгизчиларни стратегик сув йўли яна ёпилгани ҳақида огоҳлантирди. АҚШ президенти Доналд Трамп эса Теҳрон Америка Қўшма Штатларини бу сув йўлини ёпиш орқали “шантаж қила олмаслиги”ни билдирди.

Теҳрон бу қарорни АҚШнинг Эрон портларига нисбатан давом этаётган денгиз блокадасига жавоб деб изоҳлади ва буни амалдаги ўт очишни тўхтатиш келишувининг бузилиши сифатида баҳолади. Эрон олий раҳбари Мужтабо Хоманаий мамлакат денгиз кучлари душманларга “янги аччиқ мағлубиятлар” етказишга тайёр эканини айтди.

Reuters маълумотига кўра, бўғоз орқали ўтишга уринган камида икки кема ўққа тутилгани ва зарба теккани ҳақида хабар берган. Ҳиндистон кейинчалик Нью-Деҳлидаги Эрон элчисини ТИВга чақиртириб, Ҳиндистон байроғи остидаги икки кемага ўқ узилганидан жиддий хавотир билдирган.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Олий миллий хавфсизлик кенгашига таяниб хабар қилишича, Теҳроннинг бўғоз устидан назорати хавфсизлик, қўриқлаш ва экологик ҳимоя хизматлари билан боғлиқ харажатларни тўлаш талабини ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, Покистон воситачилигидаги музокаралардан кейин АҚШ томони янги таклифлар бергани, аммо Эрон ҳозирча уларга жавоб қайтармагани айтилди.

Шу билан бирга, дам олиш кунлари тўғридан-тўғри АҚШ–Эрон музокаралари бошлангани ҳақида аниқ тасдиқ йўқ. Трамп жума куни музокаралар бўлишини айтган бўлса-да, Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Саид Хатибзода кейинги босқич учрашувлари учун ҳозирча сана белгиланмаганини, аввал ўзаро тушуниш доираси келишиб олиниши кераклигини билдирди.

Ҳолат атрофидаги ноаниқлик нефть ва газ етказиб бериш хавфини яна кучайтирди. Reuters бошқа хабарига кўра, жума куни ҳаракат қисман тикланиши мумкин деган умид пайдо бўлган, ҳатто саккизта танкердан иборат колонна тор йўлакдан ўтгани кузатилган эди. Бироқ кейин Эрон яна қатъий чекловларни тиклаб, айрим кемаларга ўтмаслик ҳақида радио орқали огоҳлантириш юборган.

Бу уруш Reuters маълумотига кўра, 2026 йил 28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми билан бошланган. Шундан бери минглаб одам ҳалок бўлган, можаро Лубнонга ҳам ёйилган ва Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилиши нефть нархларига кучли босим ўтказган. Жума куни нефть нархлари тахминан 10 фоизга тушган бўлса-да, юзлаб кемалар ва қарийб 20 минг денгизчи ҳали ҳам Форс кўрфазида ўтишга рухсат кутиб қолмоқда.