ҲААЛАНД ФЕНОМЕНИ: ФУТБОЛ ЎЙИН ЭКАНИНИ БАРЧАМИЗГА ЭСЛАТГАН ЗУМЕР
Эрлинг Ҳааланд нафақат голлари, балки майдонга олиб кирадиган хуш кайфияти билан ҳам эътиборда. У футболни яна ўйин сифатида ҳис қилишга ундайди, натижа эмас, жараёндан завқ олишни эслатади.
2026 йилги жаҳон чемпионатида басавлат викинг Эрлинг Ҳааланд ажойиб кашфиёт бўлди. Бугун футболнинг мэтр юлдузлари Роналдиниони ўзининг пир устози деб билади. Лекин ҳеч ким Роналдиниодек енгилгина, шўх ва беғубор ўйин кўрсата олмади. Доим кулиб турадиган Роналдинио майдонларнинг қуёши эди. Эрлинг Ҳааландда ҳам шу оҳанрабо бор. Унинг ўйинидан ҳам кўра, майдонда тарқатаётган кайфияти муҳим. Уни кузатар экансиз, «футбол – ўйин. Уни ҳаёт-мамот масаласига айлантирманг» деган муносабатини ҳис қиласиз.
Бугун биз бутунлай бошқа даврда яшаяпмиз. Атрофимиз мотиваторлар, коучлар ва «достигатор»лар билан тўлиб-тошган. Ҳар куни бизга эртароқ туриш, кўпроқ ишлаш, ҳеч қачон чарчамаслик, доим ўзимизни енгишни уқтиришади. Ҳаёт гўё битмас-туганмас мусобақага айланди. Гўё инсоннинг қадри унинг бахти билан эмас, натижалари билан ўлчанади. Футбол ҳам шу руҳиятдан четда қолмади. Ҳар бир ўйин ҳаёт-мамот масаласига айлантирилади. Бир гол урсанг – қаҳрамонсан, урмасанг –танқидлар нишонидасан. Майдондаги инсон эмас, натижанинг ўзи қадрланади.Шундай муҳитда Ҳааланд бошқача нафас олиб келди.
Эрлингда рақобат ҳам бор, интизом ҳам бор, меҳнат ҳам бор. Лекин буларнинг барчаси оғир юкка ўхшамайди. У кулиб ўйнайди, ҳазил қилади, ҳиссиётлари яширмайди. Майдонда футболни авваламбор ўйин сифатида қабул қилаётгандек таассурот қолдиради. Эҳтимол, бунинг сабаби унинг ҳаёт йўлидадир. Унинг ортида драматик биография, қашшоқликдан чиққан қаҳрамон ҳақидаги ҳикоя йўқ. Ўзига тўқ оилада ўсган, унинг ота-онаси Норвегия қироллик оиласи билан дўст, яъни борди-келдиси бор. Эрлинг бўлғуси қиролтча билан бирга ўйнаб катта бўлган. Тўқликда катта бўлган бу йигитчада драматизм йўқ. У «биринчи ойлигимдан ота-онамнинг уйини таъмирлатганман» дея юксалиш қиссаси сўзламайди. Балки шунинг учун ҳам ҳар бир ғалаб Эрлинг учун ғалаба ҳаёт-мамот масаласи эмас, ўйин ҳаётнинг завқли бир қисми, холос.
Ҳааландда озгина гедонизм бор. Бу сўзни кўпчилик нотўғри тушунади. Гедонизм ялқовлик ёки масъулиятсизлик эмас. Бу меҳнат қилиш билан бирга ҳаётдан завқ олишни ҳам унутмасликдир. Кулиш, ҳазил қилиш, жараёндан лаззатланиш ҳам инсонни кучли қилади.Ана шундай озгина «жиннилик»ни инсон ўзида сақлаб қолиши керак.
Роналду билан Мессининг энг катта рақиби йиллар давомида ўзлари яратган ўта жиддий имидж бўлди. Улар футболчидан кўра каттароқ тимсолга айланишди. Ҳар бир ҳаракати, ҳар бир сўзи, ҳатто юз ифодаси ҳам миллионлаб одамлар томонидан муҳокама қилинади. Бундай босим йиллар давомида инсоннинг асабига ҳам, руҳиятига ҳам оғир таъсир қилади.Ҳааланд эса ҳозирча бу юкни елкасига ортмаяпти. У ғалаба қозонишни хоҳлайди, аммо ғалаба учун яшамайди. Балки айнан шу енгиллик уни узоқ йиллар давомида ҳам кучли, ҳам бахтли сақлаб қолар.
Балки бизга ҳам шу нарса етишмаётгандир. Доим ниманидир исботлашга уриниш ўрнига, баъзан тўхтаб ҳаётдан завқ олиш, натижани эмас, жараённи ҳам қадрлаш керакдир. Чунки инсон фақат маррага етганда эмас, ўша йўлни босиб ўтаётганда ҳам бахтли бўлиши мумкин. Футбол охир-оқибат ўйин. Ҳаёт эса ундан ҳам каттароқ ўйин. Иккаласида ҳам ғалаба муҳим. Лекин баъзан кулиб яшай олиш ғалабанинг ўзидан ҳам қимматлироқ бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг