АҚШ Федерал қидирув бюроси (FBI) Жаҳон чемпионати финалидан сўнг Нью-Йорк аэропортида Аргентина футбол ассоциацияси (AFA) президенти Клаудио Тапиани қўлга олди. Бу ҳақда Аргентинанинг TN телеканали хабар берди.

Манбага кўра, ташкилот раҳбари ва ассоциациянинг бошқа айрим аъзоларининг компьютерлари ҳамда мобил телефонлари мусодара қилинган. Суд ҳужжатларига мувофиқ, Тапиа ва ассоциация ғазначиси Пабло Товигино ва AFA раҳбарига яқинлиги айтилган тадбиркор Хавьер Фарони 30 июль куни Флориданинг Жанубий округи судида кўрсатма беришлари керак.

Ҳодиса AFA билан боғлиқ молиявий ва тижорий операциялар юзасидан олиб борилаётган тергов фонида содир бўлди. Қайд этилишича, сўнгги ҳафталарда Фарони ва унинг рафиқаси Жанубий Флоридада камида тўртта қимматбаҳо кўчмас мулк объектини сотиб олгани ҳам тергов доирасига тушган. Ушбу харидларнинг умумий қиймати 11 миллион доллардан ошади.

Шу билан бирга, АҚШ Адлия вазирлиги AFA молияси бўйича дастлабки терговни давом эттирмоқда. Тергов давомида АҚШ банк тизими орқали ўтган маблағларнинг бир қисми молиявий фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларга алоқадор бўлган-бўлмагани ўрганилмоқда.