“БУНЁДКОР” МОЛИЯВИЙ ИНҚИРОЗ САБАБ САФАР ЎЙИНИГА БОРА ОЛМАЙДИ
Ўзбекистоннинг энг номдор клубларидан бири “Бунёдкор” кескин молиявий инқирозга учраб, маблағ етишмаслиги сабаб «Қизилқум»га сафар ўйинига бора олмаслигини билдирди. Қоидаларга кўра, бу ҳолат такрорланса, жамоа Суперлигада иштирокдан маҳрум этилиши мумкин.
Ўзбекистон Суперлигасининг энг номдор клубларидан бири — “Бунёдкор” жиддий молиявий муаммоларга дуч келди. Клуб раҳбарияти молиявий қийинчиликлар туфайли жамоа «Қизилқум»га қарши навбатдаги сафар учрашувида иштирок эта олмаслигини маълум қилди.
Маълум қилинишича, клубда йўл чипталари, меҳмонхона харажатлари ҳамда футболчилар ва мураббийлар штаби овқатланиши учун зарур маблағ мавжуд эмас. Шу боис жамоа белгиланган ўйинга бормайди ва амалдаги мусобақа низомига мувофиқ унга техник мағлубият ёзилиши кутилмоқда.
Қоидаларга кўра, агар мавсум давомида бундай ҳолат яна бир бор такрорланса, “Бунёдкор” Ўзбекистон Суперлигасидан четлаштирилиши мумкин.
Клуб директори Мурод Алиевнинг маълум қилишича, вазият анча вақтдан бери оғирлашиб келмоқда. Унинг айтишича, футболчилар 6–7 ойдан буён маош олмаган. Шунингдек, клубнинг молиявий инқирозига бразилиялик афсонавий футболчи Ривалдо олдидаги қарздорлик ҳамда FIFA томонидан қўйилган трансфер тақиқи ҳам таъсир кўрсатган.
Бир вақтлар Ўзбекистон футболининг энг қудратли ва муваффақиятли клубларидан бири ҳисобланган “Бунёдкор”нинг бугунги аҳволи мамлакат футбол жамоатчилигида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мутахассислар клубнинг молиявий барқарорлигини тиклаш ва мавсумни давом эттириш учун тезкор чоралар кўрилиши зарурлигини таъкидламоқда.
“Бунёдкор” билан боғлиқ вазият қандай ривожланиши ва жамоа мавсумни давом эттира оладими-йўқми, яқин кунларда маълум бўлади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг