Ўзбекистон ёқилғи-энергетика бозори жуда оғир ва мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Сўнги йилларда асосий ёқилғи маҳсулотлари (бензин, пропан, керосин, дизель) импортига қарамлик шаклланди ва энди тобора чуқурлашиб бормоқда. Бундан кейин ҳам яхши истиқбол кутиб тургани йўқ, чунки, маҳаллий конларнинг ресурслари тугаб бормоқда. Шу аҳволимизда ҳам экспорт қилиб юрибмиз. Ҳукуматнинг 2030 йилгача бўлган хомаки режаларини қарайдиган бўлсангиз газ қазиб олиш яна қисқаради. Бензин ва дизель ишлаб чиқариш қазиб олинган газ ҳажмига боғлиқ бўлади.

Бундан кейин метан, пропан, бензин ва дизелда ҳаракатланадиган транспорт воситалари учун истиқбол тобора ёмонлашиб бораверади. Бундай шароитда барчанинг яшил электромобилдан фойдаланишга ўтиши кераклиги ҳам исбот талаб қилмайдиган фактдир. Ўзбекистонда аҳоли ва хизматларнинг катта қисмини қисқа муддатда электромобилдан фойдаланишга ўтказиш – бу Ўзбекистон учун ҳаёт-мамот масаласидир. Бу бизнес муҳити учун ҳам яхши, логистик харажатларни кескин камайтиради, товар, иш ва хизматлар нархининг тушишига олиб келади.

Ички ёнув двигатели ўрнатилган автомобилларнинг атмосферага ташламалари ҳисобига мамлакат экологиясининг ёмонлашуви исбот талаб қилмайдиган фактдир. Экологияси бизнинг шаҳарлардагидан ёмон бўлган хорижий шаҳарларнинг тўғри иқтисодий қарорлар, иқтисодий рағбатлар ва ёппасига электромобиллаштириш ҳисобига экологик кризисдан чиқиб кетганлиги бўйича ўнлаб кейслар мавжуд.

Афсуски, сунъий монополия ва нобож чекловлар шароитида барчанинг яшил электромобилдан фойдаланишга ўтиши имконсиз бўлиб қолмоқда. Аҳолини ёппасига электромобилдан фойдаланишга ўтказишга бўлган маъмурий тусиқлар мавжуд. Электромобиллар учун утилизация йиғими ва нобож тўловлар сақланиб қолса, бу мақсадларга эришиш имконсиз бўлиб қолаверади. Асосий тўсиқ сунъий оширилган нархлар бўлиб турибди.

Ўзи ҳукумат ростдан ҳам аҳоли ва хизматларни ёппасига электромобилдан фойдаланишга ўтказишни истайдими?

Газ тақчиллиги ва бензин қимматчилиги фонида 2024 йилда нотариф чекловлари, 2025 йил февралдан ишлаб чиқарилганига 3 йилдан ошмаган электромобиллар учун БҲМнинг 120 баравари (олдин 30 баравар эди), 3 йилдан ошган электромобиллар учун БҲМнинг 210 баравари (олдин 90 баравар эди) миқдорида утилизация йиғими белгиланган.

Энди Хитойда нархи 7 745 доллардан бошланадиган Seagull учун қийматининг 53%и миқдорида – 4 120 доллар утилизация йиғими тўланади. Оқибатда Ўзбекистон маҳаллий ишлаб чиқарувчисининг энг арзон электромобили бўлмиш Seagull ўзимизда 17 350 долларлик автомобилга айланди. Нархининг устига 10 минг доллар минаяпди, нафсингга от тепгурлар. Бу нарх эса ҳамма учун ҳамёнбоп эмас. Қани бу ерда мантиқ? Қани бу ерда аҳолини электромобилдан фойдаланишга ўтказишга бўлган иқтисодий рағбат? Сўнгги кунларда Yuan Upнинг сунъий тақчиллигини юзага келтириб, нархини янада ошириш бўйича бузуқ схемаларини кимлардир ўйлаб топмоқда.

Қўшни давлат Тожикистонда электромобилларни нафақат божлардан, бошқа турли кўринишдаги йиғим ва ҳатто ҚҚСдан ҳам 10 йилга озод қилинган.

Наҳотки, тор манфаатларни четга суриб, йиғимлар миқдорини камайтириб, ёппасига электромобиллардан фойдаланишга ўтиб бўлмайди? Ўзбекистон ёқилғи-энергетика бозоридаги юкламани камайтириш, экологияни соғломлаштириш учун арзон ва оммабоп электромобиллар учун вақтинча утилизация йиғими ва бошқа нобож тўловларни бекор қилиш керак, ахир. Янги Ўзбекистоннинг ЎЗ ғояси шундай бўлмайдими? Бу мамлакат, аҳоли, иқтисодиёт, экология учун манфаатли бўладику.

Бу фикрларга бефарқ бўлмаган кенг жамоатчилик фаоллари, ОАВлар, истеъмолчилар, бизнес вакилларидан электромобиллар учун утилизация йиғими ва нобож тўловларни бекор қилиш ғоясини тўхтовсиз илгари суришга чақирамиз.

Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров