Ўзбекистонда таълим бизнеси ривожланиб, ота-оналар боласини ўқишга тиқиш билан машғул бўлиб қолди. Хусусий таълимни қоралаш, ҳар қандай саводсиз ўқиб юрганини айтишдан йироқмиз.

Лекин кўплаб ёшлар ота-онасининг қош-қовоғига қараб, йўқлама учун ўқув биносига қатнаб юргани ҳам рост. Давлат таълимида ҳам аҳвол шундай. Ҳаётда бирор қизиқиши ёки интилиши бўлмаган, вақтини қандай ўтказишни билмайдиган ёшлар эртага ишсиз қолса, яна таълим тизими айбдорга айланади.

«Диплом олдик, иш йўқ», дейдиганлар сони ортиб бормоқда.

Таълимимиз ҳам талабаларни истеъмолчига айлантириб қўйди. Маърузани эшитмай мудраб ўтиради, амалий дарсларда уни чиқмайди. Йўқламадан ўтади-ю, гумдон бўлади. Сўрасангиз, на дунёдан, на ўз йўналишидан хабари бор.

Бундай талабаларнинг аксарияти нима учун ўқиётганини ҳам билмайди. Танлаган касбига қизиқмайди, китоб ўқимайди, мустақил изланмайди. Тўрт йил давомида ота-онасининг пули, ўқитувчининг вақти, университетнинг ресурслари сарфланади. Охирида эса қўлида дипломи бор, аммо бирор ишни мустақил бажаролмайдиган маҳлуқ пайдо бўлади.

Ота-оналарнинг ҳам қарашини ўзгартириш вақти келди. «Болам олий маълумотли бўлсин», деган орзу яхши. Лекин шу орзунинг ортида боланинг ҳақиқий қобилияти, қизиқиши ва истаги кўринмай қолмоқда. Кимдир яхши уста бўлиши мумкин, кимдир тадбиркорликка, кимдир техника ёки хизмат кўрсатиш соҳасига қизиқади. Аммо жамиятимизда ҳали ҳам дипломсиз одамга иккинчи даражали инсон сифатида қараш одати бор.

Бирор ҳунар ўрганиши, меҳнат қилиши, тажриба орттириши мумкин бўлган ёшлар аудиторияларда ухлаб, мудраб йилларини ўтказяпти. Ўқишга қизиқмаган талаба учун университет жазо майдонига, ўқитувчи эса уни дарсга киритишга мажбур бўлган назоратчига айланиб қолди.

Бу ҳолат ўқишни чин дилдан истайдиган талабаларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ўқитувчи билим олишга интилаётган ёшлар билан ишлаш ўрнига, дарсга қизиқмайдиганларни уйғотиш, телефондан бош кўтаришга ундаш, топшириқ бажартириш ва давомат билан овора.

Саводсиз ота-оналар контракт пулини тўлагани учун фарзанди албатта диплом олиши керак, деб ҳисоблайди. Гўё университет билим ва малака шаклланадиган муассаса эмас, тўрт йиллик тўлов эвазига диплом берадиган хизмат кўрсатиш шохобчаси улар учун. Касб танлашдаги хатолар ва меҳнат бозори ҳақида етарли маълумот йўқлиги ҳам бу муаммони чуқурлаштиради.

Ҳурматли ота-оналар, фарзандингизнинг қўлида диплом бўлиши унинг келажаги кафолатланганини англатмайди. Унинг бирор касбни пухта эгаллаши, ўз меҳнати билан пул топиши, мустақил фикрлаши ва ҳаётда ўз ўрнини топиши анча муҳим.

Бола ўқишни истамаса, аввало сабабини аниқланг. Балки у танлаган йўналишини ёқтирмас. Балки унинг қобилияти бошқа соҳададир. Унга касб ўрганиш, ишлаб кўриш, ўзини синаш имкониятини беринг. Олий таълимга кириш ҳар бир ёшнинг мажбуриятига айланмаслиги керак. Университетда ўқиш онгли танлов, билим олиш эса шахсий эҳтиёж бўлиши лозим.

Фарзандингизнинг тўрт йилини ва миллионлаб сўмингизни фақат бир парча диплом учун сарфламанг. Йўналиш танлашда холис ният билим ва кўникма эгаллаш бўлмас экан, дипломлар сандиқда чанг босиб ётаверади.