ДЕНОВДАГИ ЙЎЛ ТАЪМИРИ ҚИШГАЧА ТУГАЙДИМИ?
Денов тумани Тотувлик маҳалласидан ўтувчи йўл уч ойдан бери таъмирланмай чанг-тўзон манбаига айланган. Аҳоли ёғингарчилик мавсуми олдидан лой, кечки электр узилишлари ва назоратсиз сарфланаётган маблағлардан хавотирда.
Сурхондарё вилояти Денов туманидаги Тотувлик маҳалласидан ўтган йўлнинг таъмири уч ойдан бери тугай демайди. Бузилган йўлдан доимий равишда чанг-тўзон кўтариляпти. Ёғингарчилик мавсуми яқин, энди одамлар лой кечиб юради.
«Чанг-тўзондан ҳар куни нафас оляпмиз. Йўл бузуқлиги сабабли уйга келиб-кетиш ҳам муаммога айланган. Энг ёмони, ота-онамиз ва фарзандларимиз ҳам ҳар куни шу чангни ютишга мажбур», — дейди маҳалла аҳолиси.
Шунингдек, аҳоли кечки пайт маҳаллада электр таъминоти билан боғлиқ узилишлар ҳам кузатилаётганини, иссиқ ҳаво ва чанг-тўзон вазиятни янада оғирлаштиряпти.
Йўл таъмири қачон якунланиши ва ушбу ишларга ажратилган маблағлар қандай сарфланаётганига ойдинлик киритиш лозим. Аҳоли мутасадди ташкилотлардан муаммога эътибор қаратиб, йўл таъмирини тезроқ якунлаш ва маҳалладаги шароитни яхшилаш чораларини кўришни сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг