«Demokrat.uz» интернет нашри раҳбари Фазлиддинхон Меҳмонов ва блогер Азиз Ғоипназаровга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

11 ноябрда чиқарилган ҳукмга кўра, Фазлиддинхон Меҳмонов товламачилик, фирибгарлик ҳамда қуролнинг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ жиноятларда айбли деб топилиб, 10 йил 3 ойга озодликдан маҳрум этилди.

Азиз Ғоипназаров товламачилик жиноятида айбли деб топилиб, 10 йил 1 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Ҳар икки маҳкум жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.

Суд материалларига кўра, Меҳмонов ва Ғоипназаров тадбиркорга оид видеолавҳаларни ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда уни обрўсизлантирувчи бошқа материални оммавий ахборот воситаларида тарқатмаслик эвазига жабрланувчидан жами 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Шунингдек, суд ҳукмида Меҳмоновдан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш белгиланган.