Anthropic компаниясига тегишли Claude сунъий интеллект хизмати Россия паспорти орқали шахсини тасдиқлаган айрим фойдаланувчиларнинг аккаунтларини блоклаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Claude шахсни тасдиқлаш учун Persona платформаси ёрдамида паспорт маълумотларини юклаш ва юзни биометрик текширувдан ўтказишни талаб қила бошлади. Текширув якунланмагунча хизмат сўровларга жавоб беришни тўхтатади. Бу ҳолат ҳатто пуллик обуна эгаларига ҳам таъсир қилади.

Айрим фойдаланувчилар Россия паспортини тақдим этганидан сўнг аккаунтлари блокланганини билдиришмоқда. Уларнинг таъкидлашича, Россиядан ташқарида яшаётган ва бошқа давлатда яшаш гувоҳномасига эга шахслар ҳам шундай чекловларга дуч келяптилар.

Қизиғи, Хитой фуқаролигига эга айрим фойдаланувчилар худди шундай текширувдан муваффақиятли ўтган.

Ваҳоланки, Claude хизмати Россияда ҳам, материк Хитойда ҳам расман мавжуд эмас.

Хитойлик фойдаланувчилар Anthropic аккаунтларни баҳолашнинг яширин рейтинг тизимини жорий қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Уларнинг фикрича, ҳар бир аккаунт рўйхатдан ўтказилганда маълум балл олади ва фойдаланувчининг кейинги ҳаракатларига қараб бу кўрсаткич ўзгариб боради.

Хусусан, қурилмаларни тез-тез алмаштириш, шубҳали IP манзиллардан фойдаланиш, прокси-серверлар орқали уланиш ёки ҳафталик токен лимитини бир неча соат ичида сарфлаб юбориш рейтинг пасайишига сабаб бўлиши мумкин. Баллар белгиланган чегарадан тушиб кетса, аккаунт блокланади.

Бироқ Anthropic компанияси Россия паспорти асосида аккаунтларни блоклаш амалиёти ёки яширин рейтинг тизими мавжудлигини расман тасдиқлагани йўқ.