17 ноябрь куни Apple компаниясининг бир қатор хизматлари фаолиятида кенг кўламли узилишлар кузатилди. Дунёнинг турли мамлакатларида iPhone, iPad ва Mac фойдаланувчилари компаниянинг онлайн сервисларига уланишда муаммоларга дуч келди.

Хорижий технологик нашрлар маълумотига кўра, носозликлар асосан iCloud, App Store, Apple Music, Apple Pay ва Apple Account хизматларига таъсир кўрсатган. Айрим фойдаланувчилар ўз аккаунтларидан кутилмаганда чиқиб кетгани ва қайта киришга уринишда хатоликлар пайдо бўлаётганини билдирган.

Шунингдек, App Store орқали иловаларни юклаб олиш ва янгилаш, Apple Music хизматидан фойдаланиш, янги iPhone қурилмаларини фаоллаштириш ҳамда Apple Pay орқали тўловларни амалга оширишда қийинчиликлар юзага келяпти.

Downdetector мониторинг платформасида Apple хизматларига оид шикоятлар сони кескин ошган. Муаммолар АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги фойдаланувчилар томонидан қайд этилган. Бироқ узилишлар барча қурилмалар ва фойдаланувчиларга бир хил таъсир кўрсатгани тасдиқланмаган.

Apple ўзининг расмий тизим ҳолати саҳифасида iCloud аккаунтларига киришда муаммолар мавжудлигини билдирди. Шунингдек, обуна харидлари билан боғлиқ техник носозлик ҳам қайд этилди.

Ҳозирча кенг кўламли узилишларнинг аниқ сабаби очиқланмади. Муаммо серверлар, тармоқ инфратузилмаси ёки бошқа техник омиллар билан боғлиқлиги юзасидан расмий изоҳ берилмади. Киберҳужум содир этилганини тасдиқловчи маълумот ҳам мавжуд эмас.

Мутахассислар бундай вазиятда фойдаланувчиларга аккаунт паролларини шошилинч ўзгартирмаслик, қурилмаларни қайта созлашга шошилмаслик ва хизматлар тикланишини кутишни тавсия қилмоқда.

Apple хизматларининг жаҳон миқёсида кенг қўлланилиши сабабли бундай техник узилишлар миллионлаб фойдаланувчиларнинг кундалик фаолиятига таъсир кўрсатиши аниқ.