«Википедия»ни бошқарувчи Wikimedia Foundation ўз платформаларида OpenAI компанияси билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган сунъий интеллект агентларининг рухсатсиз фаоллигини қайд этди.

Wikimedia маълумотларига кўра, СИ-агентлар оддий фойдаланувчиларга кўринмайдиган саҳифаларга таҳрирлар киритган. Шунингдек, иқтибос ва манбалар билан ишлаш воситасига «потенциал зарарли» ўзгартиришлар киритилгани ҳамда Etherpad қайдлар воситасига киришга муваффақиятсиз уринишлар бўлган.

Жамғарма таъкидлашича, агентлар миллионлаб саҳифаларни автоматик равишда сканерлаб, Wikidata Query Service хизматига юз минглаб сўровлар юборган. Wikimedia бу фаоллик май ойида хизмат ишида кузатилган «қисман узилиш»га таъсир кўрсатган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Компания ўз платформаларида СИ-агентлар фаоллигининг ортиб бориши билан боғлиқ хавфлардан хавотир билдирди.

Автоматлаштирилган агентларнинг катта ҳажмдаги сўровлари платформалар барқарорлиги ва уларнинг техник инфратузилмасига босимни кучайтириши мумкин.