ЧИРЧИҚДАГИ ЙЎЛ ЁМҒИРДАН СЎНГ СУВ ОСТИДА
Чирчиқ шаҳри 4-кичик ноҳияи Наврўз кўчасида ёмғирдан кейин йўлни сув босиши кўп йиллардан бери аҳолини қийнмоқда. Ҳокимликка қилинган бир неча мурожаатга қарамай, муаммо ҳалигача ҳал этилмагани айтилмоқда.
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри 4-кичик ноҳиясидаги Наврўз кўчаси аҳолиси ёмғирдан кейин йўлни сув босиши муаммоси юзасидан Элтузарга мурожаат қилди.
Мурожаатга илова қилинган видеода ёмғир ортидан сув тўпланган автомобиль йўли ва ундан ҳаракатланаётган машиналар акс этган.
Аҳолининг айтишича, бу ҳолат уларни кўп йиллардан буён қийнаб келади. Шаҳар ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилинган, аммо муаммо ҳал этилмаган.
«Ҳолимиздан ҳеч ким хабар олмади, амалий ёрдам кўрсатилмади. 2026 йил февраль ойида ҳокимликка яна мурожаат қилдик. Бизга масалани “Очиқ бюджет”га киритиш кераклигини айтишди. Лекин бундан ҳам натижа бўлмади», – дейилади мурожаатда.
Наврўз кўчаси аҳолиси масъуллардан вазиятни ўрганиб, йўлда сув тўпланиши муаммосига амалий ечим топишни сўрамоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг