Бухоро шаҳридаги OMORFI BUKHARA меҳмонхонаси яқинида яшовчи аҳоли Элтузарга мурожаат қилиб, мазкур объект атрофида кечалари шубҳали ҳолатлар кўпайгани ва бу маҳалладаги оилаларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлаётганини билдирди.

Мурожаат муаллифларининг даъво қилишича, меҳмонхона атрофида тунги вақтларда турли шахсларнинг қатнови кучайиб, аҳоли орасида бу ерда ахлоқсизлик билан боғлиқ фаолият бўлиши мумкинлиги ҳақида гумонлар пайдо бўлган.

«Маҳалламиз аҳли бу меҳмонхонадан дод дейишяпти. Ёнидан ўғил-қизларимизни ўтказа олмаймиз. Фарзандларимизнинг тарбияси бузилмасин, деб хавотирдамиз», – дейилади Элтузарга йўлланган мурожаатда.

Аҳоли, шунингдек, вазият юзасидан тегишли идораларга мурожаат қилишга урингани, аммо шикоятларидан амалий натижа бўлмаганини таъкидламоқда.

Элтузар очиқ маълумотларни текширди. Ўзбекистон Туризм қўмитасининг жойлаштириш воситалари реестрида OMORFI BUKHARA Бухоро шаҳри, Намозгоҳ кўчаси, 100-уйда жойлашган меҳмонхона сифатида кўрсатилган.

Реестрга кўра, объект “MAHALLA TADBIRKORI” МЧЖга тегишли бўлиб, меҳмонхона 15 та хона ва 34 та ўринга эга.

Шу билан бирга, Элтузар мурожаатда келтирилган меҳмонхонада фоҳишалик ёки бошқа ноқонуний фаолият йўлга қўйилгани ҳақидаги даъволарни мустақил равишда тасдиқлаган эмас. Бу ҳолатларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг текшируви орқали аниқлик киритилиши лозим.

Агар маҳалла аҳолисининг шикоятлари асосли бўлса, савол туғилади: Бухоро шаҳар ИИБ, маҳалла мутасаддилари ва бошқа масъул идоралар вазиятдан хабардорми? Меҳмонхона фаолияти ва унинг атрофидаги тунги ҳолатлар ўрганилганми?

Элтузар OMORFI BUKHARA маъмурияти, “MAHALLA TADBIRKORI” МЧЖ ҳамда Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг ушбу мурожаат юзасидан муносабат билдиришини кутади. Таҳририят барча томонларнинг позициясини эълон қилишга тайёр.