Бухоро Мақом мактабида дарс соатларини тақсимлаш ва ишга қабул қилиш жараёнларида пул талаб қилиниши ҳақида Элтузарда эълон қилинган мақоладан сўнг таҳририятга шу мазмунда яна бир мурожаат келиб тушди.

Янги мурожаат муаллифи аввалги шикоятда келтирилган маълумотлар «100 фоиз тўғри» эканини таъкидлаб, мактабда ишга киришдан тортиб дарс соатларини олишгача бўлган жараёнларда пул талаб қилинаётганини иддао қилди.

«Ҳақиқатан ҳам порахўрлик авжига чиққан. Ҳатто ишга кириш – пул, дарс соати тарқатиш – пулга сотилади. Қанчадан-қанча яхши кадрлар келяпти, пул талаб қилинганидан кейин қайтиб кетяпти. Яқинда бир яхши кадр ҳам шуларнинг дастидан ишдан бўшаб кетди», – дейилади мурожаатда.

Элтузарга аввал йўлланган мурожаатда ҳам мактабда асосий ўқитувчиларнинг дарс юкламаси тўлдирилмасдан янги ходимлар ишга қабул қилиниши, айрим ўқитувчиларга эса дарс соатлари пул эвазига ажратилиши ҳақида жиддий даъволар билдирилган эди.

Янги мурожаатда яна бир ҳолат – ўқитувчиларнинг шахсий журналларини ҳам муайян шахсларга пул тўлаб ёздиришга мажбур бўлаётгани ҳақида иддао қилинди.

«Ўқитувчининг шахсий журналини ҳам пулга ёздирасан. Ёзадиган одам ҳам уларнинг одами. Агар ёздирмай, ўзинг ёзсанг, “талаб даражасида эмас”, деб қайтариб юборишади. Мақсад – пул. Бошқа йўл қолдиришмайди», – дейди мурожаат муаллифи.

Унинг таъкидлашича, мактаб ходимларининг аксарияти мавжуд вазиятдан норози бўлса-да, очиқ шикоят қилишдан қўрқади.

«Бу мактабда умуман ҳақиқат қолмаган. Ҳамма нарса пул. Ё пул бериб ишлайсан, ё сиқиб чиқаришади, охири ишдан бўшаб кетасан», – дейилади мурожаатда.

Шу тариқа, Бухоро Мақом мактаби ҳақида Элтузарга қисқа вақт ичида мазмунан бир-бирини такрорловчи иккита алоҳида мурожаат келиб тушди. Ҳар икки мурожаатда ҳам ишга қабул қилиш, дарс соатларини тақсимлаш ва ўқитувчиларга нисбатан муносабатда пул талаб қилиниши ҳақида ўхшаш даъволар илгари сурилган.