Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов фаолияти вазирликда ўтказилган муҳокамада жиддий танқид қилингани ҳақида маълумотлар юзага чиқди.

Манбаларга кўра, ректор сўнгги икки йил давомида ректор 17 марта хорижга хизмат сафарига чиқиб, жами 118 кун чет элда бўлган. Шу даврда университетнинг хорижий хизмат сафарларига талабаларнинг контракт маблағлари ҳисобидан 3,5 миллиард сўм сарфланган, шундан 508 миллион сўми бевосита ректор сафарларига тўғри келади.

Айни пайтда университетга ўқув адабиётларини харид қилиш учун 153 миллион сўм сарфлангани қайд этилади.

Шунингдек, 153 нафар талаба хорижда бўлган даврида баҳоланган, 2,1 миллион долларлик инвестиция гранти бўйича режа ижроси 24 фоизда қолган ҳамда ижарачилардан 147 миллион сўм ундирилмаган.

Мажлисда талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари, университетнинг илмий салоҳияти ва молиявий интизоми юзасидан ҳам раҳбариятга жиддий эътирозлар билдирилди. Муҳокамада кўтарилган камчиликлар бўйича қандай чоралар кўрилиши ва БухДУ раҳбариятига нисбатан ташкилий хулоса чиқарилиши масаласи очиқ қолмоқда.