Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидовнинг паспорти олиб қўйилган. Бу маълумотни Элтузарга мустақил манбалар тасдиқлади. Университетдаги текширув билан боғлиқ маблағлар ундирилгани ҳам тасдиқланди. Паспортни қайси идора ва қандай асосда олиб қўйгани, қанча маблағ ва кимдан ундирилгани ҳозирча маълум эмас.

Элтузарнинг университетдаги манбасига кўра, вазирлик БухДУдаги дастлабки текширувни якунлаган. Материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бухоро вилояти прокуратурасига тақдим этилиши айтилмоқда. Элтузарга 14 ноябрда келган хабарларнинг бирида материаллар 15 ноябрда топширилиши, бошқасида эса аллақачон юборилгани айтилган. Прокуратура материалларни қабул қилгани ёки жиноят иши қўзғатилгани ҳозирча тасдиқланмаган.

Университетдаги манба раҳбариятнинг хорижий хизмат сафарларига жами 3,5 миллиард сўм, ўқув адабиётлари харидига эса 153 миллион сўм сарфланганини билдирган. Унинг айтишича, ректор икки йилда 17 марта хорижга чиқиб, жами 118 кун чет элда бўлган. Манба ректорнинг сафарлари бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан қопланганини ва хизмат сафарлари унинг фарзандига тегишли экани айтилган турфирма орқали ташкил этилганини даъво қилмоқда.

Манбага кўра, текширувда 153 нафар талаба хорижда бўлган пайтда уларнинг якуний имтиҳонларига баҳо қўйилгани қайд этилган. Шулардан 18 нафарига хорижда бўлган вақтида диплом берилгани айтилмоқда.

Манбанинг маълум қилишича, 2,1 миллион долларлик инвестиция гранти бўйича режанинг 24 фоизи бажарилмай қолган, балиқчилик ва балиқчилик туризмига 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Университет биноларидан фойдаланган ижарачилардан текширув пайтида 147 миллион сўм ундирилмай қолгани ҳам айтилган.

Манба ректор университетнинг агроучасткасида оиласи билан яшагани, коммунал тўловларни тўламагани ва у ерда 30 га яқин арашан зотли қўй ҳамда бошқа уй ҳайвонларини боққанини даъво қилмоқда. Унинг айтишича, хўжалик бўлими ходимларидан мажбурий меҳнатга жалб этилгани ҳақида тушунтириш хатлари ҳам олинган.